Украина, АҚШ ва Европа Лондонда музокара ўтказади

Олам

image

Жорий йилнинг 23 апрель куни Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Украина, АҚШ ва Европа музокаралари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

“Чоршанба (23 апрель) куниёқ вакилларимиз Лондонда ишлайди. Украина, Буюк Британия, Франция, Қўшма Штатлар – биз кейинчалик ҳақиқий ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш билан шартсиз ўт очишни тўхтатишга эришиш учун максимал даражада конструктив ҳаракат қилишга тайёрмиз”, дея ёзган Украина раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Киев ўт очишни тўхтатишга имкониятидан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

Қўшимча қилинишича, Украина делегация таркибига Зеленский офиси раҳбари Андрей Ермак, унинг ўринбосари Павел Палиса, ТИВ раҳбари Андрей Сибига ва Мудофаа вазири Рустам Умаров киради.

Айнан шу таркиб Саудия Арабистонидаги аввалги музокараларда Украина номидан иштирок этган ва Зеленский томонидан тасдиқланган.

“The Wall Street Journal” газетаси Лондондаги учрашувда АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф иштирок этиши ҳақида хабар берган. АҚШ томонидан, шунингдек, Давлат котиби Марко Рубио ва Украина бўйича махсус вакил Кит Келлогг иштирок этиши кутилмоқда.

Маълумот учун, ўт очишни тўлиқ тўхтатиш жорий йилнинг 17 апрель куни Парижда АҚШ, Украина ва Европа давлатлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Украина Президенти офиси раҳбари Андрей Ермак музокараларни “жуда мазмунли” деб атаган. Украина расмийлари март ойида Саудия Арабистонида АҚШ делегацияси билан учрашувда билдирилган позицияни такрорлаган: Москва ҳам шундай қилса, Киев сулҳга рози бўлади. Кремль Россия ўт очишни тўхтатиш зарурлигини қўллаб-қувватлашини, бироқ бунгача Украинани ҳарбийлаштириш билан боғлиқ “бир қатор саволларга жавоб бериш” кераклигини айтган.

Олдинроқ, Рубио келишувнинг аниқ белгилари пайдо бўлмаса, бир неча кун ичида келишувда АҚШ воситачи бўлишга уринишни тўхтатишини айтган эди. Буни Трамп ҳам тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23-25 март кунлари АҚШ вакиллари Саудия Арабистонида Россия ва Украина делегациялари билан алоҳида музокаралар ўтказди. АҚШ ва Россия делегацияларининг Ар-Риёддаги музокаралари чоғида Қора денгизда хавфсиз юк ташишни таъминлаш бўйича келишувга эришилган эди. Музокараларда Украина делегациясига Мудофаа вазири Рустам Умаров ва Президент девони раҳбари ўринбосари Павло Палиса бошчилик қилган. Россия Федерацияси томонидан Буюк Британиядаги собиқ элчи Григорий Карасин ва Россия ФХХ директори маслаҳатчиси Сергей Беседа иштирок этган. АҚШ делегацияси таркиби расман эълон қилинмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Буюк Британия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг