Украина 2024 йилда миллиондан ортиқ дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Олам
−
20 Декабрь 2023
49202024 йилда Киев бир миллиондан ортиқ FPV разведка ва ҳужумчи дронларини ҳамда 11 мингдан ортиқ ўрта ва узоқ масофага учувчи ҳужумчи дронларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Барча ишлаб чиқариш қувватлари тайёр, 2024 йил учун шартнома тузиш бошланади”, деб ёзган вазир постида.
Унинг сўзларига кўра, Украина FPV дронларидан ташқари келаси йили парвоз масофаси бир неча юз километр бўлган 10 мингдан ортиқ учувчисиз ҳужумчи ва мингдан ортиқ 1000 километр масофага учувчи самолётлар ишлаб чиқаришга қодир.
Камишиннинг қайд этишича, Украина ҳарбий саноат мажмуаси аллақачон ойига 50 мингтагача дрон ишлаб чиқаришга тайёр бўлган.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучларининг учта учувчисиз самолёти Брянск вилоятида уриб туширилгани ҳақида хабар берганди. 20 декабрь куни эса "The New York Times" газетаси Украина Россия Федерацияси билан музокаралар олиб бориш имкониятига эга бўлиш учун ракета ва учувчисиз самолётлар билан таҳдид қилишга уринаётгани ҳақида мақола чоп этди.
Маълумот учун, аввалроқ Украина Қуролли кучлари ҳам Россия FPV учувчисиз учоқларининг асосий хавфини ошкор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Россия Украина бўйлаб рекорд даража кўп дрон учирган эди.