Украин тилида қўшиқ куйлаган қиз “Овоз” лойиҳасини тарк этди
Маданият-санъат
−
07 Май
38511Давлат томонидан молиялаштирилгани ортидан катта шов-шувларга сабаб бўлган “Овоз” лойиҳаси яна эътибор марказига тушди. Унда украин тилида қўшиқ куйлаган қизга тўртта ҳакамдан биронтаси ҳам қайрилиб қарамагани норозиликларга сабаб бўлди.
Гап шундаки, қиз танловдаги чиқишида таниқли украиналик хонанда Кристина Соловийнинг машҳур “Тримай” қўшиғини куйлаган. Ижро давомида ҳакамлар ўзаро қўшиқнинг қайси тилда эканлиги ҳақида суҳбатлашган. Қўшиқ тугагандан сўнг, Озодбек Назарбеков қиздан қайси тилда куйлаганини, Севара Назархон эса, қўшиқ эски ёки бугунги кунда ёзилганини сўраган.
Танловнинг қоидасига кўра, ижрони ёқтирган ҳакам ўз курсисини хонанда томонга ўгириши керак. Санъаткорлар қўшиқ уларга жуда ёққанини айтганига қарамай, улар қиз томонга қарашмаган. Шу сабабли ҳам у танловни автоматик равишда тарк этди.
Шундан сўнг, кузатувчилар ижтимоий тармоқларда ушбу воқеага салбий муносабат билдириб, пост қолдира бошлади. Жумладан, ижтимоий тармоқларда “Ҳакамлар қўшиқ украин тилида бўлгани учун ҳайиқди. Шу сабаб ижродан сўнг, қўшиқнинг эски ёки янгилигини сўрашди”, деган фикрлар ҳам илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, қўшиқ остида “Бу қиз фонограмма айтадиган баъзи хонандалардан яхши куйлади”, “Эстрадамизда шундай айтадиганлар борми? Яна нима қилиб бериши керак, тушунмадим?”, "Ажойиб куйлади, ҳакамлар уни эшитмади”, каби изоҳлар қолдирилган.
Қўшиқда шундай жумлалар бор:
“Уйимнинг ўртасида сиз менга бақирасиз,
Ахир юрагингиздаги доғларни қандай ўчирасиз?
Мен эса асирликда – қўрқув ичида,
Кафтингиздаги қуш каби қанотимни ёза олмайман”.
Қайд этиш керакки, қўшиқ украин тилидан таржима қилганда, “тирик сув” деган маънони англатади ва севги ҳақида ҳикоя қилади. У Кристина Соловий томонидан 2015 йилда ижро этилган. Қўшиқнинг сўзлари ва мусиқасини хонанданинг ўзи ёзган. У YouTube’га жойлангандан сўнг, бир неча кун ичида бир миллиондан ортиқ изоҳ тўплаган, бир ой ичида 18 миллион мартадан ортиқ кўрилган. Бу уни Украинанинг энг машҳур 10 та клипларидан бирига айлантирган.
LiveБарчаси