Ўқувчиларнинг ота-оналарига эслатма хат жўнатган солиқчиларга “ҳайфсан” берилди
3-саҳифа
−
14 Сентябрь
3154Аввалроқ, Қашқадарёда 2-синф ўқувчиларидан ота-оналарига солиқларни вақтида тўлаб қўйиш ҳақидаги эслатмани олиб бориш сўралгани ҳақида хабар берилганди. Ўқувчилар орқали солиқ тўловчиларга эслатма хат йўллаган солиқчиларга “ҳайфсан” берилди. Бу ҳақда вилоят солиқ бошқармаси хабар берди.
Видеода икки нафар фуқаро синфхонага кириб, ўқувчиларга жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқларининг тўлов муддатлари ҳақида тушунтириш бериб, эслатмалар тарқатганлиги акс этган.
Ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинланиб, қуйидагилар аниқланди.
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни солиқ инспекциясининг Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар таркибидан Рўзмамат Норқобилович Нурманов ва Бобур Асатуллаевич Ҳазратқуловлар тумандаги 14-сонли ўрта мактабга бориб, 3-синф ўқувчиларига жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳақидаги эслатмаларни ота-оналарига етказиш учун тарқатган.
“Аммо Инспекция раҳбарияти томонидан ушбу ходимларга эслатмани айнан мактаб ҳудудида тарқатиш ҳақида топшириқ берилмаган”, дейилади хабарда.
Ҳолат синф раҳбари томонидан видео тасвирга олиниб, синф ўқувчилари ота-оналарининг Telegram-гуруҳига ташланган. Натижада ушбу видео тасвир ижтимоий тармоқларга тарқалган.
Ушбу ҳолат юзасидан Нишон тумани солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосарига расмий огоҳлантириш берилди. Ходимлар Нурманов ва Ҳазратқуловлар томонидан йўл қўйган хатолари учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
LiveБарчаси