Қашқадарёда 2-синф ўқувчиларидан солиқларни тўлаб қўйиш сўралди (видео)
Жамият
−
04 Сентябрь
16086Ижтимоий тармоқларда солиқ инспекцияси ходимлари 2-синф ўқувчиларидан солиқларни тўлаб қўйишни талаб қилгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Давлат солиқ хизмати органлари муносабат билдирди.
Видеога кўра, ҳолат Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги 14-мактабда содир бўлган.
“Янги ўқув йили билан ҳаммангизни табриклайман, ўқишингизга омад. Биз Нишон туман солиқ инспекциясидан келяпмиз. Сизларга эслатма бу. Ҳаммангиз ота-онангизга олиб борасиз. Яшаб турган жойингизнинг мол-мулк ва ер солиқларини солиқ инспекциясига бориб, ёки телефонда солиқ иловасидан тўлашлари керак. Шуни илтимос қиласизлар. Уй кимнинг номида бўлса, бориб, ҳисоблаб тўлайди”, дейди ходим видеода.
Давлат солиқ хизмати органлари Қашқадарё вилоятида жойлашган мактаблардан бирида бўлган ҳолатни ноўрин хатти-ҳаракат деб ҳисоблаб, кескин қоралади. Шунингдек, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Ҳолатни Болалар омбудсмани ҳам ўрганмоқда.
“Мактаб ўқув жараёни иштирокчиси бўлмаган бегона шахсларнинг таълимга оид тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда дарс жараёнига кириб бориши ва уни бузиши, болаларга қандайдир ноқонуний талаблар билан мурожаат қилиши – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!” дейилади Болалар омбудсмани баёнотида.
Унинг қайд этишича, болалар ўз ота-оналарининг солиққа оид мажбуриятлари учун жавобгар эмас, ҳеч бир ҳолатда уларни бу жараёнга жалб қилиш, огоҳлантириш мумкин эмас.
“Бу боланинг Конституция ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зиддир. Бундай ножўя ҳаракатларга йўл қўйган масъулларга тегишли тарзда чора кўрилиши шарт”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили июль ойида Ички ишлар органи ходимлари Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларга тарбиявий соат ўтиб, уларга оқ-қорани ажратишни ўргатганди.
LiveБарчаси