Нега ИИБ ходимлари боғча болаларига тарбиявий соат ўтди? Изоҳ берилди (видео)
Жамият
−
24 Июль 2023
12518Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимлари боғча болаларига тарбиявий соат ўтаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, жорий йилнинг 17 июль куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари томонидан туман Ички ишлар органи фаолияти мувофиқлаштириш бошқармаси, мудофаа ишлари бўлими ҳамда “Фарҳод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига ҳамкорликда “Ҳарбийлар билан учрашув” мавзусида профилактик тадбир ўтказиш юзасидан таклифнома юборилган.
“Профилактика инспекторлари боғча тарбияланувчиларига ватанга муҳаббат, ота-она қадри ва келажакда Ватанни қўриқлайдиган мард ўғлон ва қизлар бўлиб етишишлари, боғчадан нотаниш фуқаролар билан кетмаслиги, уйини бегона шахсларга очмаслик ҳақида суҳбат ўтказиб, ўзлари билан олиб келган китоб ва ўйинчоқларни боғча тарбияланувчиларига совға қилишган”, дейилади хабарда.
Келтирилишича, тадбир тафсилотлари акс этган видеолавҳа гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчиларнинг ота-оналари учун очилган Теlegram гуруҳга ташлаб берилган. Аммо айрим ота-оналар томонидан бу видео лавҳа бошқа гуруҳларга ташланиб, одамлар томонидан нотўғри талқин қилинган.
“Ҳурматли, давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлари! Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси сизлардан бу каби тадбирларни аниқ белгиланган дастур ва режа асосида болажонлар учун қизиқарли ўтишини таъминлашни сўрайди. Бундан ташқари, таълим муассасаси ҳудудига бегоналарни кирмаслигини таъминлашингиз лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз”, дейилади Тошкент шаҳар ММТБ хабарида.
LiveБарчаси