Ўқитувчиларнинг сазойи қилиниши ортидан кучлари туман “замҳокими”га етди
Жамият
−
14 Февраль 2022
8950Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурлангани ортидан туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбонов лавозимидан озод қилинди, туман ҳокими Бобур Йўлдошевга “ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 14 февраль куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳокимлик соати йиғилишида Марҳамат тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарини лавозимидан озод қилиб, туман ҳокимига “ҳайфсан” интизомий жазосини белгилаган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик.
9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, ўқитувчилардан узр сўради.
Қолаверса, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.
Шунингдек, ушбу иш ўрганиш натижалари қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.
LiveБарчаси