Уиткофф АҚШ–Украина музокаралари тафсилотларини очиқлади
Олам
−
13:46 3975 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус элчиси Стивен Уиткофф Майами (Флорида штати)да ўтказилган АҚШ–Украина форматидаги музокараларда эътибор қаратилган асосий масалаларни очиқлади. У кеча, 21 декабрь куни X ижтимоий тармоғида шу ҳақдаги постини эълон қилди.
Махсус элчининг сўзларига кўра, учрашувда асосий эътибор тўрт муҳим масалага қаратилган: Трампнинг 20 бандлик тинчлик режасини ривожлантириш, кўп томонлама хавфсизлик кафолатлари тизими бўйича позицияларни мувофиқлаштириш, АҚШнинг Украина учун хавфсизлик кафолатлари тизими бўйича позицияларни келишиш ҳамда “иқтисодий ривожланиш ва фаровонлик режасини” ривожлантириш.
Уиткофф “кейинги қадамлар муддатлари ва тартиби” ҳақида сўз юритилганини таъкидлади.
“Бизнинг умумий приоритетимиз – қотилликларни тўхтатиш, кафолатланган хавфсизликни таъминлаш ва Украина учун тикланиш, барқарорлик ҳамда узоқ муддатли фаровонлик шароитларини яратиш. Тинчлик фақат ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш эмас, балки барқарор келажак учун муносиб асос бўлиши керак”, деди Трампнинг вакили.
Стивен Уиткоффнинг сўзларига кўра, Майамида украин делегацияси европалик ҳамкорлари билан ҳам учрашув ўтказган.
Украина делегацияси таркибига Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров ҳамда Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи Андрей Гнатов кирди.
АҚШ делегациясини Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Оқ уй ходими Жош Грюнбаум ва Уиткофф ташкил қилди.
Музокарага Европа асосий миллий хавфсизлик маслаҳатчилари ҳам қўшилди, бу Украина, АҚШ ва Европа учун умумий стратегик ёндашувни мувофиқлаштириш мақсадида қилинди.
“The Wall Street Journal” (WSJ) газетаси хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин Трамп атрофидаги расмийларнинг психологик профилларини ўрганиб, музокараларда АҚШ томонидан айнан Уиткоффнинг иштирок этишини талаб қилган.
Кремль Уиткофф ва Россия лидери учрашуви учун ҳам шарт қўйган: Уиткофф Москвага алоҳида бориши. WSJ манбасига кўра, унга Марказий разведка бошқармаси ходимлари, дипломатлар ва ҳатто таржимон ҳам ҳамроҳлик қилмаслиги керак эди.
“Давлат департаменти махсус элчини қўллаб-қувватлаш учун кичик гуруҳ ажратган, лекин ушбу жамоа аъзолари ва бошқа маъмурият ходимлари Уиткоффнинг хорижий учрашувлари бўйича маълумот олишда қийинчиликка дуч келади”, деб қўшимча қилган нашр.
Шу шароитда, декабрь ойида Уиткофф Россияга олтинчи марта ташриф буюрди, у Путин билан беш соатлик суҳбат қилган ва кечки соатларга қадар суҳбат давом этган. Ушбу махсус элчининг Украинага ҳеч қачон бормагани қайд этилган.
Live
Барчаси