UEFA Украинадан кетмоқчи бўлган футболчиларга ёрдам бермоқчи
Спорт
−
04 Март 2022
2836UEFA президенти Александр Чефериннинг айтишича, у охирги 48 соат давомида украиналик футболчи ва мураббийлар билан Украинани тарк этиш масаласида гаплашган.
“Мен 48 соат давомида Украинадаги футболчилар ва мураббийлар билан гаплашдим. Уларга Украинани тарк этишларига ёрдам беришимни айтдим. Биз кунига 24 соат алоқада бўлдик. Мен (Украина) расмийларидан ёрдам сўрадим. Улар бу илтимосимни қабул қилишди. Лекин ҳукумат ҳар доим футболчиларнинг хавфсизлигини кафолатлай олмайди. Бу музокаралар қанчалик қийин кечганини тушунтириш қийин. Футболчилардан фақатгина биттаси Украинани тарк этди, мен уни уйимга жойлаштирдим. Биз қаттиқ ишлашимиз керак”, деган Александр Чеферин.
Россия спортига киритилган чекловлар
Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди.
Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.
FIFA ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.
Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.
Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси