UEFA Суперлигага қарши чиқса, футбол ривожига қарши чиққан бўлади — “Юве” президенти
Спорт
−
05 Июнь 2021
2336Туриннинг “Ювентус” клуби президенти Андреа Аньелли Европа Суперлигаси ташкил этилиши ва унга UEFA’нинг қарши чиқиши нотўғрилиги борасида “Ювентус” Twitter саҳифасида чиқиш қилди.
Хабарингиз бор, Европанинг 12 гранд клуби ўртасида жорий йилнинг апрель ойида Европа Суперлигаси номли ўзгача форматдаги янги турнир ташкил этилиши ғояси ўртага ташланганди. Бироқ бунга UEFA қарши чиқиб, бир муддат бўлиб ўтган тортишувлардан сўнг турнирга нуқта қўйди.
Шунга қарамай, “Реал”, “Барселона” ҳамда “Ювентус” клублари ҳали-ҳануз бу ниятдан қайтгани йўқ. Учала клуб масъуллари ҳар хил йўллар билан UEFA’ни кўндиришга ҳаракат қилмоқда, аммо ташкилот президенти Александр Чеферин бу нарсани футболнинг зарарига ишлайди, деб ҳисобламоқда.
“Биз дастлаб UEFA билан келишишга уриндик, лекин ташкилот режаларимизни тўғри тушунмади, мақсадимиз инқирозга кириб бораётган футболни аввалги даражасига қайтариш. UEFA’да бизнинг тарафдорларимиз борлигидан хабардормиз, лекин улар барибир бизга қулоқ солмаяпти. Бизга қарши чиқишдими — футбол ривожига қарши чиққан бўлишади.
Агар улар режаларимизга кўнса, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлишига ишонаман. Суперлига инқилоб қилиш учун амалга оширилмади. Бу аслида инқирозга юз тутган, умидсиз тизимдан чиқишга бўлган уриниш эди. Масъуллардан қониқарли жавоб кутиб қоламиз”, дейди Аньелли.
Маълумот учун, UEFA Суперлигада иштирок этишни қарор қилган ҳар қандай клубни ЕЧЛда ҳамда ички чемпионатда иштирок этиш мақомидан маҳрум этишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни 12 та клуб – "Манчестер Юнайтед", "Арсенал", "Челси", "Тоттенхэм", "Манчестер Сити", "Ливерпуль" (барчаси – Англия), "Реал" (Мадрид), "Барселона", "Атлетико" (барчаси – Испания), "Интер", "Милан" ва "Ювентус" (барчаси – Италия) янги Европа мусобақаси – Суперлига ташкил этилганини эълон қилди. Лойиҳани Американинг “JP Morgan” банки лойиҳалаштирадиган бўлди. “Реал” президенти Флорентино Перес Суперлига бошига келди.
Орадан икки кун ўтиб, кескин норозиликлардан сўнг Футбол бўйича Европа Суперлигаси лойиҳаси тўхтатилди. Дастлаб 12 та иштирокчи-клуб Суперлигани тарқатиб юбориш устида бош қотираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ОАВда “Челси” ва “Манчестер Сити” ҳамда Мадриднинг “Атлетико”, Миланнинг “Интер” жамоалари лойиҳани тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумот учун, Европа Суперлигасидан бош тортмаган Испаниянинг “Реал”, “Барселона” ва Италиянинг “Ювентус” клублари UEFA қонунини бузганликда айбланмоқда.
Абдулла Маннонов
LiveБарчаси