Икки кунлик инқилоб: Европа Суперлигаси тўхтатилди

Спорт 7943
image

Футбол бўйича Европа Суперлигаси лойиҳаси тўхтатилди. Бу ҳақда “Talksport” хабар бермоқда.

Европа футболида икки кун аввал бошланган инқилоб UEFA’нинг ғалабаси билан якунланди. FIFA ва UEFA’нинг босими, мухлислар қаршилиги ортидан жамоалар бирма-бир Суперлига лойиҳасини тарк этганини маълум қила бошлади.

Дастлаб 12 та иштирокчи-клуб Суперлигани тарқатиб юбориш устида бош қотираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ОАВда “Челси” ва “Манчестер Сити” ҳамда Мадриднинг “Атлетико”, Миланнинг “Интер” жамоалари лойиҳани тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни 12 та клуб – "Манчестер Юнайтед", "Арсенал", "Челси", "Тоттенхэм", "Манчестер Сити", "Ливерпуль" (барчаси – Англия), "Реал" (Мадрид), "Барселона", "Атлетико" (барчаси – Испания), "Интер", "Милан" ва "Ювентус" (барчаси – Италия) янги Европа мусобақаси – Суперлига ташкил этилганини эълон қилди. Лойиҳани Американинг “JP Morgan” банки лойиҳалаштирадиган бўлди. “Реал” президенти Флорентино Перес Суперлига бошига келди.

UEFA ўша куннинг ўзида Суперлига иштирокчиларини Европа ва жаҳон чемпионатларига қатнашишини тақиқлашини эълон қилди. Бундан ташқари, UEFA Суперлигада ўйновчи клубларни ўз мусобақаларидан четлатишини ҳам қўшимча қилди. Кўплаб бошқа клублар, миллий ассоциация ва футбол вакиллари Суперлига ғоясини қоралаб чиқишди.

"Тоттенхэм" бош мураббийи Жозе Моуриньо шу лойиҳа сабаб ишдан кетди. Бошқа грант клублар мураббийлари ҳам Суперлига лойиҳаси ишга тушса, ишдан кетишга тайёрлигини билдирди.

Футболдаги можаро сиёсатчилар эътиборидан ҳам четда қолмади. Еттита Бош вазир “ҳуқуқий бомба” билан таҳдид қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 372
Рейтинг: 3
t
×