UEFA “Реал”, “Барселона” ва “Ювентус”га қарши суд жараёнини бошлади
Спорт
−
26 Май 2021
7049Европа Суперлигасидан бош тортмаган Испаниянинг “Реал”, “Барселона” ва Италиянинг “Ювентус” клублари UEFA қонунини бузганликда айбланмоқда.
UEFA Президенти Александр Чеферин ўтган ой клубларни “Aгар жамоалар Суперлигада иштирок этса, демак улар Чемпионлар Лигасида ўйнамайди”, деб огоҳлантирганди.
Тўққизта клуб – “Милан”, “Интер”, “Атлетико”, “Арсенал”, “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед” ва “Тоттенхэм”, шунингдек Чемпионлар Лигаси финалчилари “Челси” ва “Манчестер Сити” Суперлигадан воз кечишди, лекин қолган 3 та клуб “Реал”, “Барселона” ва “Ювентус” янги мусобақада қолишни истаган.
UEFA низомида футбол жамоалари унинг рухсатисиз ёки назоратидан ташқарида ташкил этиладиган лигаларда қатнашиши мумкин эмас. Шунга кўра, бу уч жамоага нисбатан ҳозирда интизомий иш очилган ва яқин орада судда кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 26 август куни бўлиб ўтади ва ўйинлар 14 сентябрдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Европанинг ТОП-12 футбол клуби янги чемпионат – Европа Суперлигаси ташкил қилганди. Аммо бу янги мусобақа футбол оламида жиддий қаршиликка учради.
Суперлигада ўйинлар ҳафтанинг ўртасида ўтказилиши режалаштирилганди. Шу боис, бу ички чемпионат ўйинларига халақит қилмаслиги, биринчи мавсум олдидан яна уч жамоа асосчи клублар сафига қўшилиши ва чемпионат яқин вақтлар ичида старт олиши кутилаётган эди.
Суперлиганинг раҳбари вазифасини Мадриднинг “Реал”клуби президенти Флорентино Перес бажариши, вице-президентлар эса Андреа Анелли (Ювентус) ва Жоэл Глейзер (Манчестер Юнайтед) бўлишига келишиб олинган.
Шундан буён UEFA бу турнирга қатъий қаршилик қилиб келяпти. Сабаби, янги мусобақа амалдаги Европа Чемпионлар лигаси турнири учун жуда катта зарба бўлади. Ташкилот Суперлига иштирокчиларини жиддий санкциялар ва суд ишлари билан огоҳлантириб келмоқда. Жумладан, Суперлигада ўйнайдиган клуб ўз миллий футбол биринчилигида ўйнай олмайди. Ҳатто бу клублар футболчилари терма жамоалар ўртасидаги мусобақалардан ҳам четлатилиши айтилмоқда. Суперлиганинг бошида турганлар эса UEFA’дан иложи борича манфаатли таклиф бўлмагунча ортга чекинмоқчи эмас.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси