UEFA Инфантинонинг ўрнига Хелайфи номзодини кўриб чиқяпти

Спорт

image

Европа футбол ассоциациялари 2027 йилда бўлиб ўтадиган FIFA президентлиги сайловларида “Пари Сен-Жермен” президенти Носир Ал-Хелайфини амалдаги раҳбар Жанни Инфантинога муқобил номзод сифатида кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.

Манбага кўра, бир қатор Европа футбол доиралари Ал-Хелайфининг номзодини қўллаб-қувватлашга тайёр. Айни пайтдаги баҳсларнинг асосий мавзуси FIFA’нинг янги тижорат ташкилотини тузиш режаси ҳисобланади.

FIFA раҳбарияти хусусий ташкилотга Жаҳон чемпионати каби йирик мусобақаларнинг медиа ва тижорат ҳуқуқларини бошқариш ваколатини беришни режалаштирмоқда. Лойиҳани молиялаштириш учун ташкилот акцияларининг тахминан 20 фоизини сотиш орқали 4,2 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиш кўзда тутилган. Бунинг эвазига FIFA президенти Жанни Инфантино миллий футбол федерацияларига қўшимча субсидиялар ажратилишини таклиф қилган.

Бироқ мазкур ташаббус бир қатор йирик футбол конфедерацияларининг кескин танқидига учради. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA), Шимолий, Марказий Америка ва Кариб денгизи футбол конфедерацияси (CONCACAF) ҳамда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ушбу режага қарши чиқди.

UEFA ҳатто умумий позицияни ишлаб чиқиш мақсадида фавқулодда онлайн йиғилиш ўтказди. Муҳокамалар давомида FIFA ҳомийлигидаги айрим мусобақаларни, жумладан, Жаҳон чемпионатини ҳам бойкот қилиш эҳтимоли ҳам тилга олинган.

Қайд этилишича, Инфантинога муқобил номзод масаласи 2026 йилги Жаҳон чемпионати вақтида Европа федерациялари вакиллари орасида янада фаол муҳокама қилинган. Асосий номзод сифатида “Пари Сен-Жермен” президенти ва Qatar Sports Investments раҳбари Носир Ал-Хелайфи кўрилмоқда. У 2011 йилдан буён ПСЖни бошқариб келмоқда, 2021 йилдан эса Европа клублари ассоциацияси (EКA) раиси сифатида фаолият юритади. Шунингдек, Ал-Хелайфи UEFA Ижроия қўмитаси аъзоси ҳамда FIFA Кенгашида EКA вакили ҳисобланади.

Маълумот учун, Жанни Инфантино FIFA президенти лавозимини 2016 йилдан буён эгаллаб келмоқда. Ташкилот раҳбари сайлови 2027 йил 18 март куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг