Ўчмаган шам, исимаган уй, метанга навбат. Жўрабек Мирзамаҳмудов судлашишдан бошқа нимани қойиллатди?
Local
−
29 July 4905 10 minutes
Энергетика вазири ишдан олинди. Энди “свет” ўчмайдими?
Ҳали маҳалласига газ тугул, унинг трубалари ҳам етиб бормаган ҳудудлар бор. Хўш, уларнинг тақдири нима бўлади?
Трансформаторлар қурилган, симлар янгиланган, миллиардлаб пуллар ажратилган. Унда нега “свет” ўчаверади?
Энергетикларнинг биргина хато қарори 300 млн долларлик ортиқча харажатга сабаб бўлган. Бу аён бўлгани. Очиқланмаганлари ҳам борми?
Ўзбекистон аҳолисини энг кўп ўйлантирадиган тизимнинг ишлари танқидий руҳда кўриб чиқилди. Яқин дақиқалар давомида шу мавзуда гаплашамиз.
Ўзи биз қишнинг даҳшатли совуқларида “қанийди ёз келса, электр ҳам, газ ҳам ўчмасди, мазза қилиб яшардик” деб умид билан яшайдиган халқмиз, ёки эдик яқин йилларгача. Қишда “заправка”лардаги километрлик навбатларда соатлаб умрини совуриб, уйида кўрпага ўраниб ўтирган одамга ёз худди халоскордек туюларди. Лекин, мана, ёз кўпам соз ўтмаяпти. Аллақачон чироқ нафақат совуқдан, балки иссиқдан ҳам “ҳушини йўқотадиган” бўлиб қолди. Қишда музлаб қолган умидлар ёзда шунчаки эриб кетди. Хуллас, чироқ ўчиши учун фаслнинг умуман фарқи қолмади. Бу эса Ўзбекистон энергетика соҳаси ночорлигидан, пулсиз қолиб кетганидан эмас! Тизим йўқлигидан. Соҳага миллиардлаб пуллар ажратилсада, масъуллар тўғри ишламагани учун, бошқарув яхши бўлмагани учун. Буни шахсан президент айтди.
“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!”, деди Президент.
Иссиқдан асфальт эриб, трансформаторлар чидай олмай портлаётган, кондиционер эса хонадонларда шунчаки деворга илинган қимматбаҳо безакка айланиб қолган навбатдаги июль чилласининг ўртасида вазирлик тизимида ҳам ҳарорат кўтарилди. Энергетика соҳасида қилган ижобий ишларидан кўра, асосан тизимни танқид қилган журналистларни ўзига душман деб эълон қилиши, ҳатто “свет” ўчгани ҳақида пост ёзган иқтисодчи Отабек Бакировни судга бериши билан кўпчиликка танилган собиқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди. 27 июль куни Президент раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишини “танқидий руҳда бўлди” деб бемалол таърифлаш мумкин. У ҳақида кейинроқ. Ҳозир эса, энди собиқ вазир деб аталувчи Жўрабек Мирзамаҳмудов фаолиятига қисман назар ташлаймиз.
Ҳозирги шаклидаги Энергетика вазирлиги 2019 йил 1 февралда Президентнинг 5646-сонли фармони билан ташкил этилган. 2019 йилгача Ўзбекистонда яхлит, барча ёқилғи-энергетика соҳасини бирлаштирувчи ягона Энергетика вазирлиги мавжуд эмас эди. Соҳа бир нечта алоҳида давлат компаниялари ва идоралар ўртасида бўлинган ҳолда бошқарилар эди. Янги давлат тузилмасининг биринчи вазири Алишер Султонов бўлган. У идорани 2022 йилнинг апрелигача бошқарди. Шундан сўнг, қарийб 6 ой Султоновдан бўшаган курси эгасиз қолган, кейинчалик Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 29 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари – Энергетика вазири лавозимига тайинланган эди.
Ушбу масъулиятли постга келганидан бор-йўғи 2-3 ой ўтиб, Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат тарихидаги энг оғир ва тизимли энергетик инқирозга рўпара келди. Вазирликнинг биринчи йили юзага келган салбий ҳолатлар, соҳадаги узилишлар, аниқ статистик йўқотишлар ва техник носозликлар билан муҳрланди. Xусусан, 2022-йил декабрь ва 2023-йил январь ойларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида республика энергетика тизими амалда издан чиқди. Эсингизда бўлса, ўша даврда “аномал совуқ” атамаси ҳаётимизга кириб келганди. Қишки тиғиз пайтда мамлакатда кунлик газ танқислиги 20 миллион кубометрдан ошиб кетди, бу эса магистрал қувурларда босимнинг кескин тушишига олиб келди. Оқибатда электр энергиясининг 85-90 фоизини ишлаб чиқарувчи Иссиқлик электр станцияларида газ етишмаслиги сабабли кунлик генерация ҳажми ўртача 15-20 миллион киловатт-соатга қисқариб кетди ва тизимда 12-15 фоизлик дефицит юзага келди. Бу ҳолат оммавий узилишлар ва иссиқлик тизими инқирозини келтириб чиқарди. Пойтахт Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида юзлаб ҳудудлар суткалаб электр ва газсиз қолди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўнлаб маҳалла ва кўп қаватли уйларда иссиқлик ва сув қувурлари музлаб ёрилиши кузатилди.
Совуқ кунларда пойтахтда суткалик электр энергияси истеъмоли рекорд даражага – 34 миллион киловатт-соатга етган бўлса-да, мавжуд тармоқлар бундай юкламага дош бера олмади ва республика бўйича 1 000 дан ортиқ трансформатор ҳамда паст кучланишли кабеллар ёниб кетди. Аҳолини минимал газ билан таъминлаш ва ИЭСлар фаолиятини ушлаб туриш мақсадида республика бўйича фаолият юритаётган 1 200 дан ортиқ метан шохобчалари фаолиятига кескин чекловлар киритилди ва улар ҳафталаб тўлиқ ёпилди. Бу ҳолат мамлакатда ёнилғи инқирозини келтириб чиқарди. Жамоат ва юк транспорти ҳаракати издан чиқди, бензинга бўлган талаб кескин ортди ва AI-80 маркали бензинни олиб-сотарлари пайдо бўлди. Ҳатто нархлар бир литр учун сунъий равишда 10-12 минг сўмгача кўтарилиб кетди. Инқироз иқтисодиётга ҳам оғир зарба берди. Республика бўйича 500 дан ортиқ йирик саноат корхонаси ва минглаб кичик-ўрта бизнес субъектларига газ ҳамда электр етказиб бериш вақтинча тўхтатилди ёки кескин чекланди. Бунинг оқибатида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб, Ўзбекистоннинг экспорт кўрсаткичлари, хусусан, цемент, кимё ва текстиль саноатида ойлик тушум ўнлаб миллион долларлик йўқотишларга учради. Юзага келган кадрлар ва масъулият инқирози фонида давлат раҳбари даражасида соҳа мутасаддиларининг фаолияти кескин танқид қилинди ва қатъий чоралар кўрилди.
Тайёргарлик ва профилактика ишлари етарли даражада ташкил этилмагани сабабли “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекнефтгаз” ҳамда “Миллий электр тармоқлари” раҳбарларига ҳайфсан берилиб, тизимдаги бир қатор масъул шахслар ва ҳудудий корхона раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, соҳадаги техник тайёргарлик даражаси эса расман қониқарсиз деб топилди.
Бу вазирликдаги биринчи йилнинг қисқа аннотацияси. Давом этамиз. Бир томондан, 2023 йилдан шу кунгача соҳада узоқ кутилган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар ҳам бўлди. Вазирлик томонидан йиллар давомида ортга суриб келинган энг мураккаб қадам – энергия тарифлари ислоҳотига қўл урилди ва 2024 йилнинг май ойидан эътиборан электр ҳамда газ учун “ижтимоий меъёр” ва табақалаштирилган тарифлар тизими жорий этилди. Бу соҳага давлат бюджетидан бериладиган миллиардлаб долларлик субсидиялар юкини камайтириш ва тежамкорлик мадани “яшил энергетика” йўналишида кескин бурилиш ясалиб, БААнинг “Masdar”, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” ва Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати бир неча гигаваттга тенг қуёш ҳамда шамол электр станциялари тармоққа уланди.
Ички дефицитни қоплаш ва қишки инқирозларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида 2023 йил октябрь ойида Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали табиий газ импорт қилиш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, соҳада рақамлаштириш ишлари жадаллаштирилгани, бу орқали ҳисоб-китоблар шаффофлиги оширилгани бот-бот такрорланди. Мана шу қисмни эслаб қолинг. Кейинроқ вазият ростдан ҳам мақтанарли даражада бўлганми ёки йўқ деган саволга жавоб берамиз. 2023-2024 йилларга қайтсак, ушбу даврда тизимдаги объектив ва субъектив салбий ҳолатлар ўз таъсирини йўқотмади. Янги генерация қувватлари яратилганига қарамай, энг оғриқли нуқта – пастки тақсимлаш тармоқлари ва инфратузилма эскиргани сабабли мавсумий узилишлар давом этди. Xусусан, ёзги жазирама иссиқ ва қишки совуқ кунларда Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудлардаги эскирган ер ости кабеллари ва трансформаторлар юкламага дош бера олмай ёниб кетиши оқибатида оммавий узилишлар кузатилди. Шу билан бирга, маҳаллий конларда табиий газ қазиб олиш ҳажмининг йилдан йилга табиий равишда камайиб бориши фонида республиканинг импорт газга боғлиқлиги ошди ва соҳада ташқи бозор нархларига нисбатан молиявий босим сақланиб қолди.
Тарифларнинг оширилиши ва “ижтимоий меъёр”нинг киритилиши аҳоли ҳамда кичик бизнес учун қўшимча молиявий юк яратиб, ижтимоий тармоқларда кенг баҳс ва эътирозларга сабаб бўлди. Шунингдек, тармоқни тўлиқ рақобатли очиқ бозор моделига ўтказиш ва ҳудудий корхоналардаги самарасиз бошқарув ҳамда коррупцион хавфларни тўлиқ бартараф этиш имкони бўлмади.
Оддий халқ ва соҳа таҳлилчилари хотирасига собиқ вазир нафақат энергетик инқирозлар, балки ўзига нисбатан танқидий позицияда бўлган журналист ва блогерларни “душман” деб билгани, медиа учун нисбатан ёпиқ ва саволларга очиқ жавоб беришдан қочган мулозим сифатида пост ёзган иқтисодчи Отабек Бакировни судга бериши кўпчилик ҳали узооооқ гапирадиган мавзуга айланди. Хуллас у кетди. Ортидан эса нималар қолганини видеоселектор йиғилишида айтилган гаплар орқали билиб олишимиз мумкин.
Кетганлар кетди, қолганлар қолди қабилида иш тутиб бўлмайди. Дастур аввалида айтилган аниқ рақамларни яна эслатиб ўтаман. Диққат билан эшитинг. Сўнгги йилларда соҳага 23 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб келган, 9,5 гигаваттли станциялар ишга туширилиб, генерация бўйича эҳтиёж тўлиқ қопланган. Тармоқлар ва трансформаторларни янгилашга ажратилган 30 триллион сўм маблағ охирги 25 йилдагидан 6 баравар кўп!
Хўш, миллиардлаб доллар сармоя ютилган, қоғозда генерация етарлича ошган, пуллар худди сувдек оқизилган бўлса, нега оддий аҳолининг уйида чироқ ҳали ҳам “светофор” каби ишлаяпти? Яъни ўчиб-ёнаверади? Халқ тилида айтганда: гўшт бор, ёғ бор, гуруч бор, қозон ҳам, ўчоқ ҳам бор – лекин ош барибир пишмаяпти! Шу сабабли, энди бу муаммолар фақат энергетикларни эмас, ҳокимларни ҳам ўйлантириши керак. Давлат раҳбари уларни ҳам жавобгар эканини эслатди.
“Ҳокимлар ҳам “Бу энергетикларнинг иши” деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Кутилмаганда келадиган қишнинг аёзли кунларидаги муаммолар етмагандек, ёзнинг беҳосдан келган иссиғи ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Статистика бу мавзуда “вой дод” деяпти. Жорий йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электрсиз қолди. Эътибор беринг, бу фактни ҳам шахсан давлат раҳбари очиқлади.
Сўнгги йилларда “ҳаммасини рақамлаштирдик, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатдик, соҳани тўлиқ назоратга олдик” деган сержило ҳисоботлар кетма-кет янграганди, бу гапларни тасодифан бўлса ҳам эшитганингиз аниқ. Лекин амалда бу “ақлли” деб аталган тизимнинг ўзи ҳам аллақачон “ҳушини йўқотгани” аён бўлди. Миллиардлаб маблағлар эвазига ўрнатилган юз минглаб ҳисоблагичлар тармоққа бирорта маълумот узатмай, шунчаки деворга илинган “сохта безак”ка айланган.
Йил бошидан бери соҳага киритилган миллиардлар ва “яшил энергия” ҳақидаги баландпарвоз нутқлар фонида, кўзга кўринмас туйнуклардан неча миллиард киловатт энергия ҳавога учиб кетгани ва бу “мантиқсизликлар парадини” тўхтатиш ўрнига шунчаки қуёш панели ўрнатиш билан ўзини алдаб юрган раҳбарлар ҳақида давлат раҳбари аччиқ гапларни айтди.
Кўриб турганингиздек муаммолар кўп. Уларни ечиш учун эса янги вазир тайинланди. У ҳам соҳага бегона эмас. Аввалроқ номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган Шерзод Хикматуллаевич Xўжаев 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири бўлди.
Xўжаев 2019−2023 йилларда Энергетика вазирининг ўринбосари, 2023 йилда вазирлик ҳузуридаги электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа офиси директори бўлиб ишлаган. У 2023 йилда кузатилган аномал совуқ шароитдаги фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Энергетика вазири ўринбосари лавозимидан ишдан олинганди.
Кадрлар алмашинуви, эҳтимол мажбурий десак тўғри бўлар, бу ҳолат “Ҳудудий электр тармоқлари” AЖда ҳам кузатилди. 2024 йил декабрь ойидан бери бошқарув раиси сифатида ишлаб келган Асроржон Асқаров лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига 2025 йилдан буён Бўка тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Сардор Исоқулов тайинланди. Хуллас, янги раҳбарларни олдинда қиладиган ишлари жуда кўп. Масалан, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгаз” тизимида ишлаётган ходимлар фаолиятини бошқаришни рақамлаштириш асосий топшириқлардан бири. Чунки, тизимда минглаб ходимлар ишласада, улар вақтдан қай даражада самарали фойдаланаётганини тўлиқ назорат қилиб бўлмаяпти.
“Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”, деган Президент.
Яна бир қатор ўзгаришлар бўлади. Газ етиб бормайдиган қарийб 2 мингта маҳалла электр билан иситилади, қолаверса аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш хусусий секторга ҳам берилади.
Хуллас, қаҳрамонлар алмашди. Худди фильмларда бўлганидек, янги персонажларнинг қўшилиши кино якунини ижобий тугатишига хизмат қиладими ёки акси бўладими? буни эса вақт кўрсатади. Умид қиламизки, янги вазир бир пайтлар инқирозли қишдаги фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан олинганини яхши эслайди ва хулосалари ҳам шунга яраша. Миллионлаб аҳолининг хонадонидаги лампалар светофорнинг тақлидчиси, кондиционер девордаги безак, газ қувурлари эса шунчаки ерга кўмилган темир парчаси бўлиб қолмайди. Реал баҳони эса навбатдаги яқинлашаётган қишнинг “кутилмаган” аёзли кунлари ва келаси ёзининг жазирамаси кўрсатиб беради.
Live
All