Учинчи жаҳон уруши бошланиши эҳтимоли ортяпти – Сийярто
Олам
−
18 Июль 2023
15799Украинадаги урушда қатнашаётган давлатлар ва барча манфаатдор томонлар зудлик билан тинчлик музокараларини бошлашлари керак, чунки бунинг учун шартлар кундан-кунга ёмонлашмоқда. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто бугун, 18 июль куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича йиғилишида айтиб ўтди.
“Ушбу можаронинг ечими жанг майдонида эмас, балки музокаралар столида. Бунинг учун шарт-шароитлар ҳали ишлаб чиқилмаганини тез-тез эшитамиз. Бироқ низони дипломатик йўл билан ҳал қилишга эришиш учун шароитлар кундан кунга ёмонлашмоқда”, деган Венгрия ТИВ раҳбари.
Шу боис у имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатишга эришиш ва Украинада тинчлик ўрнатиш учун музокараларни бошлаш зарурлигини таъкидлаган.
Сийяртонинг айтишича, барча Ғарб давлатлари можарони тинч йўл билан ҳал этиш чақириқларини қўллаб-қувватламаяпти. Бироқ Венгрия, гарчи бунинг учун танқид қилинаётган бўлса-да, бу йўналишга амал қилишда давом этиш ниятида.
“Умид қиламизки, халқаро ҳамжамият Украинани қурол билан эмас, балки кўпроқ тинчлик билан таъминлайди”, дея қўшимча қилган вазир.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамият Россия билан алоқа каналларини очиқ тутиши кераклигини билдирган.
Бундан ташқари, Петер Сийярто халқаро хавфсизлик сўнгги 80 йилдаги энг катта таҳдид остида эканини қўшимча қилган.
“Халқаро хавфсизлик соҳасидаги вазият ҳозир охирги 80 йилдаги энг ёмони. Ядро салоҳияти ҳақида гап-сўзларни тобора кўпроқ эшитяпмиз ва учинчи жаҳон уруши бошланиши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам юқори”, дейди Сийярто.
Вазир глобал муаммолар ҳақида гапирар экан, Венгрия энг қашшоқ мамлакатларни озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлаш тарафдори эканини айтган. Аввалроқ Венгрия ҳукумати Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дон келишувини қўллаб-қувватлашини маълум қилган ва бу лойиҳани сақлаб қолишга чақирган эди. Сийярто ўз нутқида бу Дон йўлагини тўғридан-тўғри тилга олмаган, лекин шунга ишора қилган.
“Мен озиқ-овқат тақчиллиги осонгина хавфсизлик муаммоларига олиб келиши мумкин бўлган дунёнинг заиф ҳудудларида таъминотнинг узлуксизлиги муҳимлигини айтмоқчиман. Бу муаммолар дастлаб маҳаллий бўлиши мумкин, бироқ кейинчалик улар бошқа ҳудудларга тарқалиб, глобал тус олади. Бу ҳам террорчилик таҳдидининг пайдо бўлиши учун замин яратади”, дейди Венгрия ТИВ раҳбари.
LiveБарчаси