У ортиқ канцлер эмас. Меркелнинг ваколат муддати тугади
Олам
−
26 Октябрь 2021
5190Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер канцлер Ангела Меркель ва унинг кабинетини расман ишдан бўшатди, бироқ унинг ҳукумати янги вазирлар маҳкамаси шаклланмагунча ҳокимиятда қолади.
Штайнмайер 26 октябрь куни Меркелга ҳукумат раҳбари сифатидаги муддати тугагани ҳақидаги билдиришномани топширди. Президент, шунингдек, вице-канцлер Олаф Шолс, ҳукумат вазирлари ва Германия Федератив Республикаси канцлери девони вазири Хельге Браунга ваколатлари тугатилганлиги тўғрисидаги билдиришномаларни топширган.
Қайд этиш керакки, Президент ўз нутқида Меркелни Германия тарихидаги муҳим шахс деб атаб, унга ҳукумат раҳбари сифатидаги кўп йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдирган.
Маълумот ўрнида, Меркель канцлер лавозимига илк бор 2005 йилнинг ноябрида сайланган эди. У 2018 йилдаёқ Христиан Демократик Иттифоқи (ХДИ) партияси раҳбарлигидан истеъфога чиқиб, канцлер сифатидаги тўртинчи муддати тугагач, сиёсатдан кетишини эълон қилганди.
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Германияда мамлакат парламенти – Бундестагга сайловлар бўлиб ўтди. Унда Германия социал-демократик партияси (СДП) 25,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Ушбу партия етакчиси Олаф Шольц Ангеланинг лавозимига асосий даъвогар бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 октябрь куни германиялик ҳайкалтарош Вильгельм Кох мамлакат канцлери Ангела Меркелнинг отлиқ ҳайкалини ясаб, омма эътиборига намойиш қилди.