“У қассоб”. Байден Путинни яна ҳақоратлади
Олам
−
26 Март 2022
13135АҚШ Президенти Жо Байден Россия раҳбари Владимир Путинни “қассоб” деб атади. Бу ҳақда у Польша-Украина чегарасида украиналик қочқинлар билан учрашувда айтган.
Қайд этилишича, Польша ва Украина чегарасидаги украиналик қочқинлар лагерига ташриф буюрган журналистлардан бири Байдендан қўшни давлатда содир бўлаётган воқеалар фонида Путин ҳақида қандай фикрда эканлигини сўраган.
"У қассоб, мен шундай деб ўйлайман", деб жавоб берган Байден.
АҚШ Президентининг нутқи акс этган видеороликни CNN телеканали намойиш қилган.
Кремль эса ушбу ҳақоратга дарҳол муносабат билдирди:
“Байденнинг Путинга нисбатан янги ҳақоратлари Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилаш имкониятларини янада торайтирмоқда. Югославияни бомбардимон қилишга ва одамларни ўлдиришга чақирган Байдендан Путинга қарши айбловларни эшитиш ғалати”, дейди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден Польша-Украина чегарасига ташрифи чоғида иккинчи бор Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи деб атаганди.
Байден бу атамани биринчи марта 16 март куни Россия етакчисига нисбатан ишлатганди. У Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда шундай баёнот берган. “Fox News” мухбири Америка етакчисидан Путинни ҳарбий жиноятчи дейишга тайёрмисиз, деб сўраганида, Байден аввалига салбий жавоб берган ва хонани тарк этган. Бироқ, у кейин қайтиб келиб, “У ҳарбий жиноятчи”, деб жавобини ўзгартирган. Эртаси куни у Путинни “қотил диктатор” ва “бандит” деб атаган.
РФ Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Байден Путинга нисбатан ҳақоратга ўтаётганини таъкидлаб, Кремль бунга муносабат билдирмаслигини қўшимча қилган. Ҳар қандай муносабат Байден томонидан билдирилаётган янада даҳшатли айблов билан қаршилашиши қайд этилган.
Шунингдек, Песковнинг сўзларига кўра, Путин доно сиёсатчи бўлгани учун АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўзи ҳақидаги номақбул баёнотларига жавоб қайтармаяпти.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Байденнинг Путинга қарши айбловлари АҚШ-Россия муносабатларини жар ёқасига келтириб қўйгани ҳақида огоҳлантирди. Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15