Туркманистонда янги банкнота муомалага киритилди
Олам
−
01 Декабрь 2025 6624 2 дақиқа
Бугун, 1 декабрдан бошлаб Туркманистон Марказий банки 200 манатлик купюрани муомалага киритди. Бу ҳақда “Turkmen portal” хабар берди.
Қайд этилишича, янги банкнотанинг муомалага чиқарилиши Туркманистон бетарафлик мақомини олганининг 30 йиллигига бағишланган. Купюра полимер материалдан тайёрланган. Марказий банк маълумотига кўра, унинг олд томонида Арқадағ монументи, орқа томонида эса Арқадағ шаҳри ҳокимлиги биноси тасвирланган.
Шу билан бир вақтда 1, 5 ва 10 манатлик янгиланган полимер банкноталар ҳам муомалага киритилган. Умуман олганда уларнинг ранги ва дизайни сақлаб қолинган, бироқ 2025 йилни Туркманистон ҳукумати “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилгани сабабли янги белги қўшилган.
Қайд этилишича, янги купюраларнинг асосий хусусиятлари – уларнинг сохталаштиришдан юқори даражада ҳимоялангани ва ташқи таъсирларга, яъни ифлосланиш, эскириш, шикастланиш ва бошқа омилларга нисбатан чидамлилиги ҳисобланади. Шунингдек, ҳимоя элементлари кучайтирилган ва купюранинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи визуал белгилар яхшиланган. 2009, 2012, 2014, 2017 ва 2020 йиллардаги барча банкноталар Туркманистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлиб қолади.
Маълумот учун, туркман манатининг расмий курси кўп йиллардан бери бир доллар учун 3,5 манат даражасида ушлаб келинади. Қора бозор ёки ҳақиқий курс эса бир доллар учун 19-20 манатни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда мамлакатнинг миллий валютаси сомони жорий этилганининг 25 йиллигига бағишлаб 100 сомонилик юбилей банкноталар муомалага чиқарилганди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025