Туркманистон Ўзбекистон билан чегарани ёпди
Олам
−
01 Февраль 2020
56401Туркманистон 31 январдан бошлаб Ўзбекистон билан иккита чегара пункти: “Шовот” ва “Фароб”ни ёпиб қўйди. Хитойда янги коронавирус тарқалиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Чегара пунктлари қачон очилиши ҳозирча маълум эмас. Бироқ “Шовот” чегара пункти 14 февралга қадар ёпилиши таҳмин қилинган. Маълум бўлишича, Ўзбекистон томондан ушбу чегаралар ёпилмаган, аксинча назорат кучайтирилган. Тиббиёт ниқобини тақмаган фуқаролар ортга қайтарилган. Маҳаллий аҳоли бундан унумли фойдаланиб, дорихоналарда 3 таси 2 манатга сотилаётган ниқобнинг донасини 3 манатдан сотган.
Маълумот учун, 2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Ухань шаҳрида номаълум пневмония касаллиги тарқалгани ҳақида хабар берди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчисини аниқладилар - бу 2019-nCoV типдаги коронавирус.
ЖССТ коронавирус хавфини халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият деб баҳолади. Россияда хитойлик 2 нафар фуқародан коронавирус расман аниқланди. Бугунга келиб, коронавируснинг янги туридан оғриган беморларнинг умумий сони 11 минг нафардан ошди, уларнинг 259 нафари вафот этди.
Ўзбекистон коронавирус мамлакатга кириб келмаслиги учун Хитой билан авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, Хитойдаги ўзбекистонликларни қайтариш учун чартер рейслар ташкил этилиши белгиланди.