Туркманистон биринчи марта “Bayraktar” зарбасидан фойдаланди
Олам
−
27 Октябрь 2022 16844 2 дақиқа
Туркманистондаги кенг кўламли машғулотларда ҳарбийлар илк бор Туркиянинг “Bayraktar TB2” учувчисиз учоқларидан фойдаланди. Бу ҳақда “Нейтрал Туркманистон” хабар бермоқда.
Машғулотлар полигонларига ҳар хил турдаги қўшинлар жалб этилган. Туркманистон ҳаво кучлари биринчи марта ердаги нишонни йўқ қилиш вазифасини бажарди. Бунинг учун “Bayraktar TB2” зарба берувчи дрон ҳавога кўтарилди, у 5 км баландликда ва 8 км масофада нишонга тегди. Нишонда радар станцияси эди.

Бундан ташқари, зенит батареяси самолётни симуляция қилган нишонга зарба бериш амалиёти ўтказилди. Таъкидланишича, “TurkmenAlem 52E” сунъий йўлдоши машғулотларга жалб қилинган бўлиб, уларда қўшинларнинг ҳаракатлари ва дронларнинг траекторияси онлайн трансляция қилинади. Шунингдек, машғулотларга Мудофаа вазирлигининг махсус бўлинмалари, денгиз авиацияси, жумладан, Denizhan корвети ва авиация жалб қилинган. “Bayraktar”лар 2021 йилда сотиб олинган. Армиядаги учувчисиз ҳужумкор самолётларнинг аниқ сони номаълум, аммо улар парадда намойиш этилган.
Айни вақтда Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистон ва Туркманистон Туркиянинг "Baykar Makina" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Bayraktar TB2” учувчисиз ҳужумкор самолётларига эгаалик қилмоқда.
Bayraktar дрони
“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.
Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.
Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.
“Bayraktar” дронларининг муаллифи Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор бўлиб, у куни кеча "Kizil elma" номли янги дронни тақдим этди.
Live
Барчаси