Туркиянинг Суриядаги элчихонаси 12 йилдан сўнг фаолиятини қайта бошлади (видео)
Олам
−
12:58
1044Кеча, 14 декабрь куни Сурия пойтахти Дамашқдаги Туркия элчихонасида 12 йиллик танаффусдан кейин ушбу мамлакат миссияси ўз фаолиятини қайта бошлади. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
2012 йилда фаолиятини тўхтатган элчихона расмий равишда Туркиянинг Мавританиядаги элчиси Бурҳон Кўрўғли билан вақтинча ишлар вакили вазифасини бажарувчи сифатида очилди. Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан 12 декабрь куни Кўрўғлини расман янги лавозимга тайинлаган эди.
Ўз навбатида, Фидан элчихона сурати билан бирга Х саҳифасида миссия фаолиятининг қайта тикланиши ҳақидаги постида ўзининг яхши тилаклари билан ўртоқлашган.
Бошқа кўплаб давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳам жойлашган шаҳарнинг Равда майдони яқинидаги Туркия элчихонаси 2011 йилда Асад режимининг тинч намойишчиларни зўравонлик билан бостиришидан кейин бир муддат ўз хизматларини кўрсатишни давом эттирган. Бироқ у 2012 йил 26 мартда кундалик фаолиятини тўхтатган эди.
Элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бу қарордан сўнг Туркияга қайтган.
Жорий йилнинг декабрь ойи бошида Башар Асад режими қулаганидан бери Суриянинг Истанбулдаги Бош консуллиги ўз фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.
“Биз Дамашқдаги элчихонамиз 12 йилдан сўнг азиз байроғимиз кўтарилиши билан ўз фаолиятини қайта бошлаганидан хурсандмиз. Элчихонамизнинг қайта очилиши Сурия барқарорлигига, шунингдек, минтақамизда тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигимизни акс эттирувчи энг аниқ қадамлардан бири ҳисобланади”, деган Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз ўзининг Х саҳифасида.
Йилмаз, шунингдек, Туркиянинг Сурия билан дипломатик алоқалари Сурия халқи ҳаётининг нормаллашишига ҳисса қўшиши ва Суриянинг институционал, иқтисодий ва жисмоний шароитларини қайта қуришни қўллаб-қувватлашига умид билдирган.
“Дамашқдаги элчихонамизга улкан муваффақиятлар тилайман ва бу муваффақиятга ҳисса қўшган барчага ўз миннатдорлигимни билдираман”, дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, 8 декабрь куни режимга қарши гуруҳлар Дамашқни назоратга олиб, Сурияда 1963 йилдан бери ҳокимиятда бўлган “Баас” партияси режимини тугатгандан сўнг, Сурияга қарийб 25 йил раҳбарлик қилган Асад Россияга қочиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг Сакаря шаҳрида ўтказилган йиғилишда Усмонли вилоятлари бўлган ҳозирги Сурия ҳудудларини қайтаришини айтганди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у биринчи навбатда Сурия ҳудудларининг тўртта вилоятини ўз мамлакатига қўшиш ниятида, шундан сўнг Биринчи жаҳон уруши оқибатларини қайта кўриб чиқиш масаласини кўтаради. У нутқи давомида Суриянинг Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ ва Раққа каби вилоятларини “Туркиянинг бир қисми” сифатида қўшиб олиш ниятида эканини айтган. У бу ҳудудларни Туркияга тарихан боғлиқ бўлган ҳудудлар деб атаган ва уларни Ҳатай, Газиантеп ва Шонлиурфа каби ҳудудларга қўшишни ният қилганини билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь