Туркиянинг 10 вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Эрдўған янги тафсилотларни очиқлади
Олам
−
07 Февраль 2023
19277Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг зилзиладан жабр кўрган 10 вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилди: офатдан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси учун ўн минглаб меҳмонхона ётоқлари тайёрланди, ёрдам олиш давом этмоқда. Қутқарув ишларига 70 та давлат, 26 минг киши жалб этилган.
“Зилзила улкан вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Бу нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё тарихидаги энг катта офат бўлди. Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларни фавқулодда ҳолат зонаси деб эълон қиламиз. Бу ўн вилоятда уч ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилишга қарор қилинди. Биз тарихимизнинг энг оғриқли кунларини бошдан кечирмоқдамиз. Маркази Каҳрамонмарашнинг Пазаржик ва Элбистон туманларида бўлган икки кучли зилзила 10 вилоятда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Бу ҳудудда 13,5 миллионга яқин фуқароларимиз жабрланган”, дейди Президент Эрдўған.
Туркия раҳбари бу чора-тадбирлар зилзилалар оқибатлари туфайли амалга оширилганига эътибор қаратган.
“Фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши тез ва самарали қидирув-қутқарув ишларини кафолатлайди”, дейди у.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, қурбонлар сони ўсишда давом этмоқда, айни дамда улар 3549 нафарга етди, 22168 киши жароҳат олган. Шунингдек, у қидирув-қутқарув ишлари давомида 8000 дан ортиқ одам қутқарилганини таъкидлади.
Қўшимча чоралар
Бугун, 7 февраль куни Туркия ҳукумати зилзила оқибатларини тезда бартараф этиш ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган қўшимча чораларни эълон қилди.
“Биринчи босқичда шошилинч ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш тадбирларини ташкил этиш учун муассасаларимизга зудлик билан 100 миллиард лира (5,3 миллиард доллар) ажратдик. Табиий офат зонасига яқин жойлардан бошлаб, қиш мавсуми туфайли фаолиятини тўхтатиб қўйган меҳмонхоналарни табиий офатдан жабрланганлар ихтиёрига бериш учун зарур режалар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг учун фақат Анталия вилоятида 50 минг ётоқ тайёрланди”, дейди Эрдўған.
Халқаро ёрдам
Эрдўған Туркияга қатор давлатлар томонидан кўрсатилган халқаро ёрдамни эслатди.
“Ҳозиргача 70 та давлат ва 14 халқаро ташкилотдан ёрдам таклифи олдик. Шунингдек, 18 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилдик. Мамлакатимиз учун оғир дамда ўз қўллаб-қувватлашини билдириш ва ёрдам таклиф қилиш учун бизга мурожаат қилган барча дўстларимизга, давлат ва ҳукумат раҳбарларига миннатдорлик билдираман”, дейди у.
Президент халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши Туркия учун нафақат [жисмоний] ёрдам, балки маънавий таъсири билан ҳам қимматли эканини таъкидлади.
Эрдўғаннинг айтишича, айни дамда Туркиянинг тегишли идораларининг 26 минг ходими қидирув-қутқарув ишлари билан шуғулланмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳар куни бу кўрсаткич мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан қўшимча қутқарув гуруҳлари келиши ва хориждан келаётгани ҳисобига ортиб бормоқда.