Туркияга бораётганлар маҳаллий қонунларни бузиш оқибатларидан огоҳлантирилди
Жамият
−
06 Февраль
5298Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси фуқароларни огоҳликка чақирди ва чет давлатлардаги қонунни билмаслик уларни жавобгарликдан озод этмаслигини эслатди. Бу ҳақда бугун, 6 февраль куни Бош консулхонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида расмий баёнот эълон қилинди.
“Орамизда чэт элга вақтинчалик яшашга ёки сайёхат учун чиққандан кейин диққатга сазовор жойларда суратга тушишни истамайдиган одам бўлмаса керак. Аммо бу билан чекланмайдиган қизиқувчан сайёҳларимиз хам учраб туради. Борган мамлакати муҳитининг суратларда яхшироқ акс этиши учун кўп нарсаларни обектив орқали муҳрлашга ҳаракат қилиб, баъзида жарима ёки жазога тортилиши ҳам мумкин”, дейилади хабарда.
Бош консулхона ҳар бир мамлакатнинг суратга олиш-олмаслик борасида ўз тартиб қоидалари борлигини эслатди ва Туркияда маҳаллий аҳолини сўрамасдан суратга олиш ва уни тарқатиш қатъиян ман қилинишини қўшимча қилди.
“Айниқса, маҳаллий аёлларни суратга олиш мумкин эмас. Бу шахсий хаётга тажовуз, деб ҳисобланилади”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ушбу қонунни бузганлик учун озодликдан маҳрум қилиниш мумкин.
“Афсуски, фуқароларимиз орасида ҳам мазкур қонунни бузиб, Истанбулнинг Молтепа туманидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаётганлар ҳам йўқ эмас. Ҳозирда Бош консулхона фуқароларимизни озод этиб, уларни ватанга қайтариш учун керакли ишларни олиб бормоқда. Ҳурматли ватандошлар, муайян бир давлатга ташриф буюришдан аввал у ердаги қонун-қоидалар билан қизиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Истанбулдаги Бош консулхона Туркияда сохта гувоҳномалар тайёрлаб, фирибгарлик қилаётганлардан огоҳлантирганди.
LiveБарчаси