Туркиядаги зилзила сиёсий вазиятни ҳам тебратиб юборди

Олам

Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда рўй берган зилзила сайлов олдида турган мамлакат вазиятини мураккаблаштирди. Шундан сўнг бир неча жамоат фаоллари томонидан Туркияда сайловларни кечиктириш бўйича таклифлар берилди. Бироқ бу бўйича расмий маълумотлар ҳали аниқ эмас. Мухолифат ҳокимиятни коррупция ва аҳолини ҳимоя қила олмасликда айбламоқда. 

Турк телеканалларидаги жонли эфирларда қулаган кўп қаватли турар жойлар худди букланган қоғозга ўхшайди. Бутун қолган биноларда ҳам тектоник ёриқлар сони жуда кўп. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 32 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Бу ҳали якуний кўрсаткич эмас. Мутахассислар қурбонлар сони 100 мингга етиши мумкинлигини башорат қилмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, табиий офат зонасида 23 миллионга яқин одам бўлган. Шулардан 1,4 миллион нафари болаларни ташкил этади. Қаҳрамонмараш шаҳрида бутун бир блок ер билан битта бўлган. 

Ғозиантеп вилоятининг Нур шаҳри зилзилалар туфайли бутунлай вайрон бўлди. Катаклизм (глобал фалокат)лар вақтида аҳоли пункти сезиларли даражада шикастланган.

“Туркия улкан фалокатни бошдан кечирди. Биз шаҳарсозлик вазири билан биргаликда қарор қабул қилдик: вайроналарни олиб ташлаймиз, шаҳар бутунлай қайта қурилади”, дейди Ширнак губернатори вазифасини бажарувчи Усмон Билгин. 

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, фақат битта уй қулаган жойнинг ўзида 150 кишининг жасади топилган. Айни дамда вайроналар остида одамлар топилиши мумкин бўлган охирги 8 та уйда қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. 

Мамлакатда талон-торожлик ҳам авж олди. Зилзила қурбонларига ёрдам бераётган қутқарувчилар талончилар туфайли мамлакатни тарк эта бошлади. Туркия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳолат табиий офатдан кейин шаҳар кўчаларида фаоллашган. Одамлар дўконларни талон-торож қилиб, қурбонлардан қимматбаҳо нарсаларни олмоқда.Қайд этилишича, Исроилнинг “Yunayted Hatzalah” қидирув-қутқарув гуруҳи олти кунлик муддатдан сўнг гуруҳга нисбатан хавфсизликка жиддий таҳдид мавжудлиги сабабли Туркияни тарк этган. Икки немис ёрдам ташкилоти ҳам Туркиядаги қутқарув ишларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ва одамлар гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳамда отишмалар сабабли тўхтатган.

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамияти дунё мамлакатларини жабрланганларга ёрдам бериш учун 200 миллион швецария франки (тахминан 216 млн АҚШ доллари) ажратишга чақирди. Ҳозирда Туркияга 70 давлат ва 14 ташкилот ёрдам бермоқда.  

Мамлакат тадбиркорлар конфедерацияси ва республикадаги ишбилармон доиралар вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида мамлакатга 84 миллиард доллардан ортиқ зарар етган.

Тарихчи ва сиёсатшунос Иқбол Дюрренинг фикрича, энди бу зарарни қоплаш учун асосан ғарб давлатларига суяниш керак бўлади.

“Вазиятни яхшилаш учун пулни қаердан олиш керак? Ғарб давлатларида бунга имконият кўпроқ. Бунинг натижасида яқин келажакда Анқаранинг ташқи сиёсати “ғарбпараст” бўлиб кетишини кузатиш мумкин”, дейди Дюрре. 

Маълумот учун, келгусидаги сайловларда икки коалиция – Эрдўған ва мухолифат тўқнаш келиши кутилмоқда. Рақобат шиддатли ва таҳликали бўлади. Хусусан, ўтган йил охирида Президентнинг асосий рақибларидан бири, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли 2019 йилда сайловда Марказий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилгани ортидан суд уни икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди, аммо қарор ҳозирча кучга киргани йўқ. Айни вақтда мамлакатда сиёсий кураш авж олмоқда.

Иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси ва амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий мухолифатчиси – “Жумҳурият Халқ” партияси раиси Камол Қиличдорўғли зилзила содир бўлган куни ҳудудларга бориб, видеомурожаат йўллади. У ўз сўзида зилзила оқибатларига нисбатан вақтида чоралар кўрмагани учун Эрдўған ва унинг партиясини айблаб, энди, ҳатто қамоқ унга хавф солса ҳам Эрдўғаннинг қарорларига бўйсунмаслигини билдирди. Бош томондан жамоатчилик ва мухолифат Ҳукуматдан 1999 йилда жорий қилинган ва бугунгача 36 миллиард жамғарилган зилзила солиғи нималарга сарфлангани бўйича ҳисоб сўрамоқда.

Умида Имомхўжаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Туркиядаги зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг