Туркиядаги ёнғин қурбонлари сони яна ортди
Олам
−
10:19
3194Жорий йил 21 январга ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилоятидаги Карталкая чанғи курортида жойлашган меҳмонхонада содир бўлган ёнғин қурбонлари сони 76 нафарга етди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя маълум қилди.
Ёнғин маҳаллий вақт билан 03:27 да Grand Kartal меҳмонхонасининг 12 қаватли (бошқа манбаларга кўра, 11 қаватли) биносида бошланган. Ҳозир Туркияда умумий икки ҳафталик мактаб таътили давом этаётгани ва чанғи мавсумининг қизғин палласига тўғри келгани сабабли меҳмонхонада 234 меҳмон бўлган.
Болу губернатори Абдулазиз Айдиннинг маълум қилишича, ёнғин меҳмонхонанинг тўртинчи қаватидаги ресторан зонасида бошланган ва юқори қаватларга тарқалган. Меҳмонхона Болу марказидан анча узоқда жойлашгани ва совуқ об-ҳаво шароити туфайли ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига бир соатдан ортиқроқ вақт ичида етиб борган.
Қутқарув ишлари эрталаб ҳам давом этган. Ўша пайтда қутқарувчилар ҳали ҳам меҳмонхонанинг баъзи қисмларига кира олмагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Турк ОАВ маълумотларига кўра, камида икки киши меҳмонхона деразаларидан сакраш оқибатида ҳалок бўлган. Баъзилар тўшаклардан арқон ясаб, деразалардан чиқишга уринган.
Чанғи бўйича инструктор Нежми Кепчетутан турк телевидениесига берган интервьюсида меҳмонхонани яхши билгани сабабли ўзини қутқара олганини, лекин бинонинг тузилиши билан таниш бўлмаган меҳмонларнинг имконияти камроқ бўлганини айтган.
“Ичкарида қалин тутун бор эди. Одамлар деразалардан бизни қутқаринг деб қичқирарди. Биз 20-25 кишини ташқарига олиб чиқдик”, деди у NTV телеканалига берган интервьюсида.
Ёнғиннинг сабаби ҳали аниқланмаган. Адлия вазири Йилмаз Тунч терговга прокуратура жалб қилинганини маълум қилган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, 22 январни миллий мотам куни деб эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳодиса юзасидан тергов бошлангани ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олингани хабар қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мавжуд эмас. Ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади.
LiveБарчаси