Туркиядаги ёнғин қурбонлари орасида ўзбекистонликлар йўқ – Бош консулхона
Олам
−
21 Январь
1915Туркиянинг Болу вилоятида жойлашган курорт маскандаги меҳмонхонада бугун, 21 январга ўтар кечаси юз берган ёнғин оқибатида ўзбекистонликлар жабрланмаган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Туркия Ички ишлар вазирлиги мазкур ёнғин оқибатида 66 киши вафот этгани ва 51 киши тан жароҳати олганини маълум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мавжуд эмас.
Маълумот учун, тоғ-чанғи курорти денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда, Кероғлу тоғ тизмасида жойлашган бўлиб, Туркиядаги муҳим дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Ёнғин содир бўлган куни меҳмонхона талаба ва ўқувчиларнинг таътили сабабли 80-90 фоиз тўлган бўлган.
Меҳмонхона ходимларидан бири ёнғин зинапояси мавжудлигини, лекин у меҳмонхонанинг ичида, жуда мантиқсиз қурилганини айтган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёнғин меҳмонхона комплексининг ресторан қисмида бошлангани хабар қилинганди. Қутқарувчилар дам олувчиларни эвакуация қилган ва улар курортдаги тўртта меҳмонхонага жойлаштирилган.
LiveБарчаси