Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ватандошларга огоҳлантириш билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат йўллади. 

Ўзбекистон элчихонаси Туркияда вақтинча бўлиб турган, доимий яшаётган, ўқиётган, меҳнат қилаётган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган ватандошлардан мамлакатда амал қилаётган чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлиғига эътиборли бўлиш ҳамда расмий органларнинг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларини бажаришга чақирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Туркияда жорий йилнинг 20 ноябридан эътиборан карантин чоралари яна кучайтирилмоқда.  

Янги чекловлар жорий йил 20 ноябрдан кучга киради. Хусусан, бундан аввалроқ 65 ёшдан катта фуқароларнинг кўчага чиқишларига ўрнатилган чекловлар энди 20 ёшгача бўлганларга ҳам тегишли бўлди.

Бундан ташқари, мамлакатда дам олиш кунлари уйдан чиқишга қисман тақиқ жорий этилмоқда. Мамлакат бўйлаб дам олиш кунлари қисман комендантлик соати ҳам кучга киради. Аҳолига фақат маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 20:00 гача кўчага чиқишга рухсат берилди.

Давлат муассасалари, бозорлар, савдо марказлари, дўконлар, ресторанлар, кафелар, сартарошхоналар ҳафта давомида соат 10:00дан соат 20:00 гача ишлайди. Ресторанларга фақат буюртмаларни етказиб бериш йўналишида фаолият юритишга рухсат берилмоқда. Кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирлари томошабинларсиз давом эттирилади.

Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда.

Кўчада сигарет чекишга тақиқ ҳам амалда қолмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият органлари эпидемиологик вазиятга қараб, қўшимча чеклов чораларини жорий этиш ҳуқуқига эга бўлди. Хусусан, Туркиядаги коронавирус билан касалланганларнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган Истанбул шаҳар расмийлари эртага, 19 ноябрдан бошлаб музейлар ва санъат марказлари, сузиш ҳавзалари ва концерт залларини ёпмоқда.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия пайтида мамлакатда 11 минг 804 киши коронавирусдан вафот этган. Сўнгги 24 соат давомида 103 киши ушбу касаллик туфайли дунёдан кўз юмган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси

Баҳолаганлар

649

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг