Туркиядаги теракт қурбонлари яна ортди
Олам
−
24 Октябрь
9225Туркиянинг Анқара шаҳридаги ҳарбий самолётлар ва космик техника ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида содир бўлган теракт қурбонлари сони 5 кишига етди. Бу ҳақда мамлакатнинг Ички ишлар вазири Али Ерлиқояга таяниб, “Haberturk” хабар берди.
“Террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони беш нафарга етди, жами жароҳатланганлар сони 22 кишини ташкил этди, улардан уч нафари шифохонадан чиқарилди”, деган вазир эфирда.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумга мамлакатда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчилар партияси террор ташкилоти алоқадор бўлиши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг айтишича, террорчиларнинг шахси ва уларнинг ҳар қандай ташкилотга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар шахсни аниқлаш ишлари якунланганидан кейин оммага эълон қилинади.
Маълумот учун, Turkish Aerospace компанияси 1973 йилда ташкил этилган, Туркиянинг аэрокосмик соҳасида жуда муҳим саналади. Компания томонидан самолёт, вертолёт, дронлар ҳамда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун космик сунъий йўлдош воситалари ишлаб чиқилади.
2023 йилда “Turkish Aerospace Industries Inc” дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирган. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларга тенг. Компанияда 15 мингдан зиёд ходим, шу жумладан 7 мингга яқин муҳандис, 6,5 мингдан ортиқ техник ва бошқа ишчилар меҳнат қилади.
Компания штаб-квартираси Анқарадан 40 километр шимолдаги Қаҳрамонказан туманида жойлашган.
Ҳодиса рўй берган вақтда Туркия Мудофаа саноати бошқармаси бошлиғи Халук Гёргюн, “TUSAŞ” Бош директори Меҳмет Демирўғли ва бошқа расмий шахслар Истанбулдаги ҳарбий кўргазмада иштирок этаётганди. Ҳужум ҳақида хабар берилгач, делегация Анқарага йўл олган.
LiveБарчаси