Туркиядаги қонли исёнга 10 йил тўлди
Олам
−
15 июл 3264 8 дақиқа
Бугунги кундан нақд 10 йил олдин – 2016 йил 15 июль. Иссиқ ёз куни ўз ниҳоясига етаётганди, Туркияда кўпчилик жума оқшомини дўстлари ёки оиласи даврасида ўтказишга ҳозирлик кўраётган эди. Ҳеч ким яна бир неча соатдан кейин мамлакатда нималар содир бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Айнан ўша тунда Туркия тарихидаги энг йирик ҳарбий исёнлардан бири юз берди, кўчлалар қонга беланди. Қуйида 250 дан ортиқ бегуноҳ одамнинг қони билан ёзилган ўша тарихий кун ҳақида сўз боради.
Туркия ўтмишига назар ташланса, 1960 йилнинг 27 май, 1980 йилнинг 14 сентябрь кунлари айнан ҳарбийлар томонидан давлат бошқарувига қарши тўнтариш уюштирилиб, улар муваффақият билан амалга оширилганини кўриш мумкин. Ушбу тарих 2016 йилнинг 15 июль куни ҳам такрорланиши мумкин эди. Исён бошида нафақат Туркия, балки бошқа кўплаб мамлакатларда хайр-саҳоватли ишлари, илм тарқатиш иддаоси билан FETO террорчилик ташкилоти ва унинг АҚШнинг Пенсильвания штатидан раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулен турган эди.

Давлат тўнтаришига уриниш 15 июль куни соат 22:00 бошланган. Анқарада исёнчи ҳарбийлар гуруҳи томонидан давлат телерадиокомпанияси “TRT” ва Бош штаб биноси қўлга олинган. Худди шу пайтнинг ўзида Истанбулда бир гуруҳ аскарлар Бўғозичи ва Фотиҳ Султон Меҳмет кўприклари орқали ҳаракатланишни тўсиб қўйган. 22:10 да юзага келган фавқулодда вазият сабабли Бош вазирнинг Чанқая қароргоҳида Ҳукумат Бош котиби раҳбарлигида мувофиқлаштирувчи маркази ташкил этилган. Бир соатлардан кейин эса Бош вазир Бинали Йилдирим “NTV” ва “A Haber” телеканаллари орқали жонли эфирда ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлаётгани тўғрисида хабар берган.

“Бу уринишларнинг олди олинади. Бу воқеанинг ташаббускорлари энг оғир шаклда товон тўлайди”, деган ўшанда Бош вазир Йилдирим.
Соат 23:24 да эса Анқара шаҳри Кўлбоши туманида жойлашган Полиция Махсус операция ўқув марказида портлаш рўй берган.

Қоқ ярим тунда, 00:01 да Мармарис шаҳрида таътилда бўлган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропортига қараб йўлга чиққан. Ўша дақиқаларда Анқара шаҳрининг Янги маҳалла туманида жойлашган Миллий хавфсизлик разведкаси ташкилоти биноси ҳарбий вертолётлардан ўққа тутилган. Оқибатда бинонинг хавфсизлик хизмати ходимлари жавобан ўқ отишни бошлаган.

Соат 00:13 да “TRT” биносини қўлга киритган ҳарбийлар жонли эфирда тўнтариш ҳақида ноқонуний баёнотни тақдим этган. Унда мамлакат бошқаруви ҳарбийлар томонидан йўлга олингани, Ҳукумат ағдарилгани айтилиб, одамлардан вазият изига тушмагунча кўчага чиқмаслик сўралган. Мамлакат Президенти маъмурий бошқармаси мазкур баёнотнинг Қуролли кучларга алоқаси йўқлигини ва ноқонуний эканини билдирган. Ушбу ноқонуний баёнот эълон қилингандан сўнг, TURKSAT йўлдоши “TRT” телеканалининг эфирини узиб қўйган.

Орадан 13 дақиқа ўтиб, 00:26 да мазкур баёнотдан кейин Президент Эрдўған CNN TURK телеканали орқали жонли эфирда халқни кўчаларга чиқишга даъват қилган ва ҳарбий тўнтаришга уринишга ўз муносабатини билдирган.

“Албатта, бу исён иштирокчилари халқнинг миллий эркига қаршидир. Улар – Қуролли кучлардаги ёки бошқа давлат идораларидаги бир гуруҳ шахслар бўлишига қарамасдан, давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ керакли даражада жавобни олишади”, деган ўшанда Президент.

Шундан сўнг Президент Эрдўғаннинг даъвати ва Дин ишлари бошқармаси бошлиғининг топшириғи билан Туркиянинг барча ҳудудларидаги масжидларда Азонлар айтилди. Шундан сўнг, одамлар кўчага чиқишни ва исёнчи ҳарбийларга қаршилик кўрсатишни бошлади.

02:42 ва 02:49 оралиғида Парламент биносига икки марта бомба ташланди, оқибатда полиция ходимлари ва мансабдор шахслар жароҳатланди. Йиғилишлар залида бўлган парламент раиси Исмоил Қаҳрамон ва депутатлар бомбалар ёмғиридан бункерга яширинишда.

Эрта тонгда, 04:42 да Президент Эрдўған Мармарис шаҳрида тунаган меҳмонхона вертолётдан ўққа тутилди. Ниқобли ҳарбийлар вертолётдан тушиб, меҳмонхонани қуршаб олди. Отишма жараёнида 5 та полиция ходими яраланди. Бироқ Эрдўған 40 дақиқа олдин Истанбулга етиб борган эди. Исёнчилар ўз ниятига ета олмади.

Соат 07:00 да Бош Жандармерия биноси ва Президент саройи жойлашган чорраҳага ҳарбий самолётдан бомба ташланди. Орадан 10 дақиқа ўтиб FETO ташкилотининг 336 аъзоси ҳибсга олинди. Шунингдек, Фатҳуллоҳ Гуленнинг террорчилик ташкилоти аъзолари бўлган 29 полковник ва 5 генерал, Ички ишлар вазири Эфкан Али буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Асир олинган Бош штаб қўмондони Ҳулуси Акар озод қилинди.

Халқ ишониб топширилган ҳокимиятни осонликча сотқинлар қўлига бериб қўйишни истамади. Тонгда кўчалар, майдонлар қўлида турк байроғини кўтарган ватанпарвар эркак-у аёллар, йигит-қизларларга тўлганди. Дини, ирқи, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳамма Ватан учун бир ёқадан бош чиқарди.

Туркия ҳукумати тўнтаришга уриниш учун жавобгарликни Гулен ҳаракати зиммасига юклади – унинг асосчиси Фатҳуллоҳ Гулен кўп йиллар давомида АҚШда сургунда яшаб, кейинчалик, 2024 йилда ўша ерда 83 ёшида вафот этди. Бир вақтлар у Эрдўғаннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири ҳисобланарди. Улар биргаликда Туркия Қуролли кучларининг сиёсий таъсирини сусайтириш ва Эрдўған ҳокимиятини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи рол ўйнаган эди. Кейинчалик уларнинг иттифоқи парчаланиб кетди.

Ҳукумат Гуленни ўнлаб йиллар давомида давлатни ичдан емириш мақсадида ўз тарафдорларини суд тизими, полиция, армия ва бошқа давлат идораларига жойлаштириб келганликда айблади. Гуленнинг ўзи ва унинг тарафдорлари давлат тўнтаришига уринишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келди. Шундай бўлса-да, муваффақиятсиз якунланган исёндан кейин Туркияда ушбу ҳаракат билан алоқадор бўлган кўплаб юқори мартабали ҳарбийлар ҳибсга олинди.

Бугунги кунда 15 июль Туркияда миллий байрам ҳисобланади. Собиқ Босфор кўприги ҳозирда исён қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида “15 июль шаҳидлари кўприги” деб аталади. Расмий маълумотларга кўра, ўша куни 251 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари ҳисобланади. Туркиядаги кўплаб кўчалар, майдонлар ва мактаблар ҳам бугунги кунда “15 июль” номини олган.

Бироқ ушбу кун фақат қурбонлар хотирасини эслаш кунигина эмас. У, шунингдек, чуқур сиёсий бурилиш даврини ҳам англатади. Тўнтаришга уринишдан кейинги йилларда Туркия расмийлари ўз мавқеларини янада мустаҳкамлади. Гулен ҳаракати террорчилик ташкилоти деб тан олинди ва унинг мамлакат бўйлаб гумон қилинган тарафдорлари давлат аппаратидаги ишидан четлаштирилди.

Исёнга уринишдан олти кун ўтиб Туркия парламенти фавқулодда ҳолат жорий этди. Дастлаб у уч ойга мўлжалланган эди, бироқ кейинчалик етти марта узайтирилиб, 2018 йил 19 июлда якунланди. Ушбу икки йил давомида Президент Эрдўған мамлакатни асосан фавқулодда фармонлар орқали бошқарди – жами 32 та ана шундай ҳужжат қабул қилинди.

Давлат аппаратида кенг кўламли тозалаш ишлари олиб борилди. Давлат муассасалари ва қуролли кучларнинг 125 мингдан ортиқ ходими ишдан бўшатилди. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда 390 мингга яқин киши Гулен ҳаракати билан алоқадорликда гумонланиб, ушланган. Уларнинг тахминан 113 минг нафари ҳибсга олинган. Бундан ташқари, 2761 та муассаса, жумладан, мактаблар, жамоат ташкилотлари, жамғармалар ва оммавий ахборот воситалари ёпилди. Давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланиб, 4130 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Сиёсатшунос Эрсин Калайжиўғлининг фикрича, фавқулодда ҳолатнинг оқибатлари мамлакатда ҳали ҳамон сезилмоқда. Гарчи у расман 2018 йилда бекор қилинган бўлса-да, унинг амалиёти “маълум маънода институционаллашиб улгурди”. Давлат ўзгарди. Хусусан, Президент фармонларидан кенг фойдаланиш “ўта марказлашган тузилма” шаклланишига олиб келди.

Калайжиўғлининг фикрига кўра, Туркияда давлат бошқаруви тизими ҳам тубдан ўзгарди. Илгари ўз профессионал стандартлари ва экспертлик баҳоларига таянган тизим, асосий вазифаси сиёсий кўрсатмаларни бажаришдан иборат бўлган маъмурий аппаратга айланди.
Мухолифат партиялари эса, ўз навбатида, ҳукуматни тозалаш ишларида Гулен ҳаракатига қарши кураш доирасидан анча чиқиб кетганликда айбламоқда. Уларнинг билдиришича, Гуленнинг гумон қилинаётган тарафдорлари билан бир қаторда, амалдаги ҳокимиятни танқид қилган шахслар ҳам ишдан бўшатиш ва жиноий таъқибларга дучор бўлган.

Сиёсий жиҳатдан тўнтаришга уриниш, шунингдек, Эрдўғаннинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП)нинг ультрамиллатчи Миллий ҳаракат партияси (МҲП) билан яқинлашишини тезлаштирди. МҲП кўмагида ҳукумат 2017 йилда конституциявий референдум ўтказишга муваффақ бўлди. Унинг натижаси ўлароқ, Туркия парламент бошқаруви тизимидан президентлик тизимига ўтди. Бош вазир лавозими бекор қилинди, президентнинг ижро этувчи ваколатлари эса сезиларли даражада кенгайтирилди. Ўшандан бери танқидчилар янги тизимни “бир кишилик режим” деб атамоқда.

Калайжиўғли конституциявий ислоҳотни сиёсий режимнинг тубдан ўзгариши деб тавсифлайди. Унинг баҳолашича, мамлакатнинг сиёсий тизими “неопатримониал султонизм”га айланди – бу давлат тузилиши шакли бўлиб, унда сиёсий ҳокимият асосан бир кишининг қўлида тўпланади ва муҳим қарорлар деярли тўлиқ президентга боғлиқ бўлади.
Президентлик тизимига ўтиш мухолифатнинг стратегиясини ҳам ўзгартирди. Президент этиб сайланиш учун овозларнинг мутлақ кўпчилиги талаб қилингани боис, мухолиф партиялар сайловолди иттифоқлари тузишни ва ягона номзодларни кўрсатишни бошлади. Ушбу тактика ўз самарасини берди: 2019 йилдаги ва яна 2024 йилдаги маҳаллий сайловларда мухолифат мамлакатнинг икки энг йирик шаҳри – Анқара ва Истанбул мэрлиги учун сайловларда ғалаба қозонди.

Бироқ ушбу мухолифатчи сиёсатчиларнинг кўпчилиги кейинчалик ўзлари ҳам жиноий таъқиблар ёки террорчиликда айбланиш ҳолатларига дуч келди. Бунинг энг ёрқин мисолларидан бири – Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби деб кўриладиган Истанбул мэри Экрем Имомўғлидир. У сайловлардаги навбатдаги ғалабасидан сўнг жиноий таъқиб объектига айланди.
Live
Барчаси