Истанбулда қийин аҳволга тушган она уч фарзанди билан Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
12:50 409 1 дақиқа
Кеча, 17 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги кўмагида оғир аҳволга тушиб қолган она уч нафар фарзанди билан Туркиядан Ўзбекистонга жўнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, аёл меҳнат қилиш мақсадида Туркияга борган, бироқ болалари билан бошпанасиз ва ёрдамсиз қолган. Мурожаат келиб тушиши билан Бош консулхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда озиқ-овқат билан таъминланган, зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, Ўзбекистонга қайтиш авиачиптаси олиб берилган.
Аёл аэропортда ўзининг ва болаларининг тақдирига бефарқ қолмагани, уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича алоҳида ташаббуси учун Президентга, амалий ёрдами учун эса Миграция агентлиги ва Бош консуллик ходимларига чуқур миннатдорлик билдирган.
“Истанбулдаги Бош консулхона хорижда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига амалдаги қонунчилик доирасида консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилишини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда қийин вазиятга тушиб қолган 597 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилганди. Улар орасида 110 нафар аёл ва 228 нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.
Live
Барчаси