Туркияда ўзбекистонлик келин 103 минг долларлик тиллани ўғирлаб кетдими?

Жамият

image

Туркиянинг Муғла вилояти Милас туманида Ўзбекистон фуқароси, 28 ёшли Маъмура Бурхонова 3 кеча-ю 3 кундуз давом этган тўйидан сўнг уйда қолган тилла ва зийнат буюмлари билан бирга ғойиб бўлди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Маълум қилинишича, Милас туманининг Чомакдағ Қизилағоч маҳалласида яшовчи Мустафо Атешўғли 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси Маъмура Бурхонова билан совчилар орқали танишган. Улар уншаштирилган ва жорий йилнинг 19 август куни турмуш қурган.

Тўй юруклар маданияти кенг сақланиб қолган маҳаллада 3 кеча-ю 3 кундуз давом этган. Тўй доирасида қарийб 500 йиллик анъанага эга тунги ёғли кураш мусобақалари ҳам ташкил этилган. Тўйга жами қарийб 10 миллион лира сарфлангани айтилган. Куёв Мустафо Атешўғли фақат ёғли курашларни ташкил қилиш учун 1,5 миллион лира сарфлаганини билдирган.

Тўй тугаганидан кейин эса оилада муаммо юзага келган. Маъмура Бурхонова уйдан чиқиб кетган ва оила у билан боғлана олмаган. Уй текширилганида тўйда тақилган тилла ва бошқа зийнат буюмлари ҳам йўқлиги аниқланган. Дастлаб йўқолган тиллаларнинг қиймати тахминан 5 миллион лира деб баҳоланган. Оила тиллаларни келин ўғирлаб кетганини иддао қилиб, прокуратурага мурожаат қилган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Мустафо Атешўғли полицияга ариза бериб, хотини тўйда тақилган тахминан 3 миллион лиралик зийнат буюмлари, 300 минг лира нақд пул ва iPhone 15 телефонини олиб, уйдан кетганини билдирган.

“Фақат курашларни ташкил қилиш учун 1 миллион 500 минг лира сарфладим. Кетган пулнинг ортидан қувмаяпман. Шаъним ва ғурурим ортидан қувмоқдаман”, деган Мустафо Атешўғли.

Шикоятдан сўнг, полиция Маъмура Бурхоновани қидиришни бошлаган. Текширув давомида унинг номига автобус ёки меҳмонхона қайдлари аниқланмаган. Уйда ўтказилган тинтувларда ҳам йўқолган миллионлаб лиралик зийнат буюмлари топилмаган. Бироқ жорий йилнинг 4 сентябрь куни соат 13:30 атрофида Бурхонованинг ўзи полиция бўлимига бориб, баёнот берган.

Келин полициядаги баёнотида ўзига қўйилган миллионлаб лиралик зийнат буюмларини олиб қочганлик ҳақидаги даъволарни рад этган. У тўйда тақилган буюмлардан фақат 20 дона тилла ва 226 минг лирани олганини тан олган.

Бурхонова, шунингдек, уйдан чиққач онаси яшайдиган Икизтошдаги уйга борганини билдирган. Қолган тиллалар эса қайнотаси Меҳмет Атешўғлида эканини айтган. Бурхонова бу даъвосини тасдиқловчи ёзишмаларни ҳам тергов материалларига тақдим этган. У iPhone 15 телефонини ҳам ўзи ўғирламаганини, телефонни эри Мустафо Атешўғли фойдаланиши учун берганини айтган.

Шунингдек, Бурхонова эри Мустафо Атешўғли ва қайнотаси Меҳмет Атешоғлу ўзига ҳамда онасига нисбатан ҳақорат ва таҳдидлар қилганини иддао қилган. Унинг айтишича, айнан шу сабабли у аввалроқ полицияга мурожаат қилишдан қўрққан. Шундан сўнг, келиннинг ўзи ҳам эри ва қайнотаси устидан шикоят қилган.

Ҳозирда томонларнинг тилла, нақд пул, телефон, таҳдид ва ҳақорат бўйича бир-бирига билдирган даъволари юзасидан тергов давом этмоқда. Бурхонованинг баёнотидан сўнг иш ҳужжатлари прокуратурага юборилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик 36 ёшли аёл 56 ёшли севгилиси Ражаб Ўндердан 900 000 турк лираси (тахминан 20 000 доллар) олиб, уни алдаб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик аёл бу иддаони рад қилиб, ундан бу миқдордаги пулни олмаганини билдирган. Кейинроқ у ҳибсга олинди ва Ўзбекистон томони, хусусан, “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ёрдамида озодликка чиқди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг