Маҳаллий сайловларда Эрдўған партияси йирик шаҳарларда мағлуб бўлди
Олам
−
01 Апрель 2019
7155Кеча, 31 март куни Туркияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Унда Туркияда мавжуд 12 сиёсий бирлашмадан номзодлар иштирок этди.
Сайлов натижаларига кўра, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ҳамда у етакчилик қилаётган “Халқ альянси” мамлакатнинг кўпгина ҳудудларида ғалаба қозонди.
Бироқ Туркиянинг энг йирик шаҳарлари – Анқара, Истанбул ва Измир мэрлиги мухолифат Республика халқ партияси (РХП) вакилларига насиб қилди. РХП етакчиси Камол Қиличдорўғли бу ҳақда шахсан эълон қилди.
Анқарада мэрлиги учун сайловда Республика халқ партияси ва Яхши партияси бирлашувидан юзага келган “Миллат альянси” вакили Мансур Яваш ғалаба қозонди.
Истанбулда 99,86 фоиз овоз саралангач, РХП вакили Экрем Имомўғли 48,80 фоиз овоз олиб, асосий рақобатчиси АТП номзоди Бинали Йилдиримни ортда қолдирди. 48,48 фоиз сайловчи Бинали Йилдиримга овоз берган.
Бугун, 1 апрель куни эрталаб Имомўғли Fox телеканалига интервьюда Истанбулдаги сайловда ғалаба қозонганини маълум қилган. Бундан бир неча соат аввал собиқ Бош вазир Бинали Йилдирим истанбулдаги сайловда ғалаба қозонганини маълум қилганди.
“Ким Истанбулни забт этса, ўша Туркияни забт этади”, деганди Туркия президенти ва АТП етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған.
Маълумот учун, Эрдўған ҳам ўзининг “чўққига кўтарилишини” 1994 йил Истанбул мэрлигидан бошлаган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳаллий сайловлар етакчи Адолат ва тараққиёт партияси учун жиддий синов бўлди. Партия ҳокимиятга келганидан 16 йил ўтгач, илк бор пойтахт Анқарада мағлуб бўлди.