Туркиянинг Тунжели вилояти коммунистлар қўлига ўтди! Калашников ўзида йўқ хурсанд
Олам
−
03 Апрель 2019
12021Аввал хабар берганимиздек, 31 март куни Туркияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Маҳаллий сайловлар Туркияда беш йилда бир марта, мамлакатнинг 81 та маъмурий ҳудудида бир варакайига ўтказилади.
Жорий йилдаги сайловларда мамлакатдаги 12 та сиёсий бирлашма номзодлари шаҳар, қишлоқ, маъмурий бирликларда раҳбарлик учун "кураш" олиб борди.
Бу сафар маҳаллий сайловлар Туркия учун янада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Негаки, бу 2018 йилдаги президентлик ва Парламент депутатлиги учун муддатидан аввал ўтказилган сайловлардан кейинги илк йирик сиёсий жараён.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўған 31 мартдаги сайловлар мамлакатда кўп йилдан буён етакчилик қилиб келаётган "Адолат ва тараққиёт" партияси ҳамда Туркия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтганди.
2019 йилдаги маҳаллий сайловлар Туркияда кутилмаган натижаларга бой бўлди. Бир томондан мамлакатдаги етакчи "Адолат ва тараққиёт" партияси пойтахт Анқара ва Истанбулда мағлуб бўлган бўлса, бир томондан “яшин ургандек” Туркия коммунистик партияси Тунжели маъмурий марказида ғалаба қозонди.
Туркия Осиё қитъасидаги кўплаб мамлакатлар учун демократик давлат намунаси ҳисобланади. Демократик давлатда эса барча учун имкониятлар тенг, албатта. Бироқ Туркия тарихида шу вақтгача сайловларда “сўллар” деб юритилувчи коммунистлар ғалаба қозонмаган.
Фотиҳ Меҳмет Мачўғлу Тунжели маъмурий маркази мэрлиги учун сайловда ғалаба қозонди. Фотиҳ Мачўғлу асосан қишлоқ хўжалиги муаммоларига эътибор қаратувчи шахс. Машҳурлик ҳам унга шунинг ортидан келган.
Аслини олганда, Мачўғлунинг муваффақияти ҳам кутилмаган натижа бўлди. Бу ҳолни ҳудуддаги аҳоли Эрдўған партияси бошқарувидан чарчагани ва курдлар партиясининг ёлғон ваъдаларидан норозилиги билан боғлаш мумкин. Шундай бўлган тақдирда ҳам коммунистик партиянинг ғалабаси мамлакатда уларга хайрихоҳлик ортиб бораётганидан дарак беради.
Туркия коммунистик партияси мамлакатнинг энг кекса партияларидан ҳисобланади. Партияга 1920 йил 10 сентябрда асос солинган. ТКП ўз қарашларида анъанавий социалистик партиялар сингари Маркс ва Ленин ғояларига таянади.
Партия президент Эрдўғаннинг Туркия ва Ироқдаги сиёсатига, курдларга нисбатан ҳаракатларига қарши чиқади. Дунёда бугунги кунда юзага келган сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, АҚШнинг Венесуэлада ҳокимиятни алмаштиришига уринишига жиддий норозилик билдириб келяпти.
Коммунистик партиянинг ғалабаси собиқ иттифоқ давридан қолган ва ҳозиргача коммунистик ғояларни илгари суриб келаётганларга мойдек ёқиб тушди. Хусусан, россиялик таниқли сиёсатчи, Россия Федерацияси коммунистик партияси котиби Леонид Калашников биринчилардан бўлиб Туркия коммунистик партиясини ғалаба билан табриклади.
Туркиядек давлатда биргина ҳудудда ғалаба қозониш у қадар катта ютуқ бўлмаслиги мумкин. Балки, ТКПнинг сайловдаги ғалабасини рамзий қабул қилиш ҳам тўғридир. Бироқ, бир нарсани унутмаслик керак, хитойлик буюк файласуф Лао Сзи айтганидек, “Дунёдаги энг узун саёҳат ҳам биринчи қадамдан бошланади”. Ким билади, коммунистик партиянинг бир ҳудуддаги ғалабаси кейинроқ Туркияда қанот ёйишигача сабаб бўлар.
LiveБарчаси