Анқарада қалбаки алкоголь ичиб ўлганлар 54 кишига етди
Олам
−
18 Февраль
2626Туркиянинг Анқара шаҳрида қалбаки алкоголь истеъмоли ортидан вафот этганлар сони 54 кишига етди, яна 40 киши шаҳар шифохоналарида реанимацияда қолмоқда. Бу ҳақда CNN Turk хабар берди.
Февраль ойи бошида Анқара вилояти губернатори Васип Шахин пойтахт минтақасида 33 та ўлим қайд этилганини айтганди.
Анқара Бош прокуратураси қалбаки спиртли ичимликларнинг савдоси ва уларнинг истеъмоли оқибатида келиб чиққан ўлимлар билан боғлиқ терговни давом эттирмоқда. Ишга Суд-тиббиёт экспертизаси институтининг қўшимча токсикологик хулосалари киритилган. Ҳозиргача тергов доирасида жами 28 нафар шахс ҳибсга олинган, улардан 25 нафари тергов давомида суд назорати остида озодликка чиқарилган.
Январь ойи ўрталарида Туркия ОАВлари Истанбулда 90 га яқин одам қалбаки спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, шифокорларга мурожаат қилгани ва уларга метанолдан заҳарланиш ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берган эди. Заҳарланиш ҳолатларининг деярли барчаси асосан Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қиладиган ҳудудда қайд этилган. Қалбаки спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотишда гумон қилиниб, 15 нафар шахс қўлга олинди, улардан тўрт нафари суд қарори билан қамоққа олинди. Истанбул ҳокимияти қарори билан шаҳардаги 60 дан ортиқ муассаса ёпилди ва уларнинг қалбаки спиртли ичимликлар сотиш лицензияси бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида яна 3 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этганди ва ҳаётдан кўз юмган ўзбекистонликларнинг умумий сони 17 нафарга етганди.
LiveБарчаси
Нетаньяху Ғазо сектори шимолига борди.
16 Апрель