Туркияда давлатни танқид қилган 65 журналист ҳибсга олингани айтилди
Олам
−
10 Январь 2023
4284Туркияда оммавий ахборот воситаларининг камида 65 нафар вакили ҳибсда, улардан 26 нафари ўтган йили ҳибсга олинган эди. Бу ҳақда Туркияда бугун, 10 январь куни нишонланадиган Журналистлар куни учун асосий мухолифатдаги "Жумҳурият халқ" партияси тайёрлаган ҳисоботда айтилади.
Маърузадан парчаларни эълон қилган инсон ҳуқуқлари бўйича масъул фракция вакили Гулюза Биcер Каража, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг ҳокимиятда бўлган 20 йиллик даврида сўз эркинлигига риоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайганига эътибор қаратди.
“2022 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, Туркияда камида 65 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари судланган ёки тергов остида ҳибсда сақланмоқда. Улардан 26 киши ёки 40 фоизи 2022 йил давомида ҳибсга олинган”, дея сиёсатчининг сўзларидан иқтибос келтирган “Gazete Duvar” портали.
Ҳисоботда айтилишича, 2006 йилдан 2021 йилгача Туркияда 575 мингга яқин веб-сайтга кириш тақиқланган. 2009 йилдан 2020 йилгача Жиноят кодексининг 125-моддаси “ҳокимиятни ҳақорат қилиш” бўйича жиноий ишлар бўйича 4 миллиондан ортиқ киши айбланувчига айланди. 582 мингдан ортиқ киши жазога тортилди. 13 йил давомида Туркия Жиноят кодексининг 299-моддаси “Президентни ҳақорат қилиш” бўйича деярли 196,7 минг кишига нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган. Улардан 47,4 минг нафарига нисбатан суд мажлиси ўтказилиб, 17,1 минг кишига нисбатан ҳукм чиқарилган.
Ҳужжатда, шунингдек, Туркия телевидение ва радиоэшиттиришлар олий кенгаши сўнгги 10 йил ичида маҳаллий телеканалларни 400 миллион турк лираси ёки 21,3 миллион доллар жаримага тортгани айтилади.
Туркия расмийлари мухолифат партияси ҳисоботига ҳозирча изоҳ бермаган.