Туркияда ҳам 15 ёшгача болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланади
Олам
−
16:56 425 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Туркияда 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш тақиқланади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Президенти администрацияси ҳузуридаги Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган низомда фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш, 15 ёшдан ошган болалар учун алоҳида хизматлар яратиш ҳамда ота-оналар назоратини кучайтириш тартиби белгиланган.
Янги қоидаларга кўра, ижтимоий тармоқлар аккаунт очиш вақтида фойдаланувчининг ёшини Туркиянинг e-Devlet электрон давлат хизматлари платформаси орқали махсус идентификатор ёрдамида текширади. 15 ёшга тўлмаган болаларнинг аккаунт очиш ҳақидаги сўровлари рад этилади.
15 ёшга тўлган, бироқ вояга етмаган фойдаланувчилар учун эса алоҳида хавфсизлик чоралари жорий қилинади. Уларнинг аккаунтларида юқори даражадаги махфийлик созламалари сукут бўйича ёқилган бўлади. Бундай профиллар ёпиқ шаклда яратилади, уларда жонли эфир ўтказиш ва шахсийлаштирилган рекламаларни кўрсатишга рухсат берилмайди.
Шунингдек, болалар фақат ўзлари кузатадиган аккаунтлардан хабар олиши мумкин бўлади. Бошқа фойдаланувчилар эса уларнинг обуначилари ва кузатаётган аккаунтлари рўйхатини кўра олмайди.
Низом ота-оналар назоратига оид талабларни ҳам белгилайди. Улар фарзандларининг аккаунт созламаларини бошқариши, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтини чеклаши ва пулли амалиётларга рухсат бериши мумкин бўлади.
Янги тартибга кўра, мавжуд аккаунтлар учун ёшни тасдиқлаш жараёни 2027 йилнинг 31 мартигача якунланиши керак. Ёши 15 дан кичик экани аниқланган фойдаланувчиларнинг амалдаги аккаунтлари ҳам ёпилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь