Туркияда ҳакамларнинг ўйинларга оммавий пул тикиши фош этилди

Спорт

image

Бугун, 27 октябрь куни Туркия футбол федерацияси (ТФФ) президенти Иброҳим Ҳожиосманўғли ҳакамлар орасида кенг кўламли ўйинларга пул тикиш фаолияти аниқланганини маълум қилди. 571 та рўйхатдаги ҳакамдан 371 нафари пул тикиш ҳисобига эга бўлиб, 152 нафари фаол равишда ўйинга гаров қўйган. Бу ҳақда “Turkiye today” нашри хабар берди.

Ҳожиосманўғли тергов натижалари давлат муассасаларидан олинган расмий маълумотлар ва профессионал таҳлилларга асосланганини таъкидлаган. Унга кўра, 7 элита ҳакам, 15 элита ёрдамчи, 36 миллий ҳакам ва 94 миллий ёрдамчи ҳакам ушбу ноқонуний фаолиятга алоқадор. Баъзи ҳакамлар мингдан ортиқ ўйинга гаров қўйгани аниқланган, энг фаол ҳакам эса 18 227 марта ўйинларга пул тиккан. 

ТФФ тартиб-интизом кенгаши жазо чораларини қўллашни бошлаган. Ҳожиосманўғли бу жараённинг барча тергов натижаларини шаффоф тарзда ошкор қилишини таъкидлаган. Шу билан бирга, федерация бу борада FIFA ва UEFA’ни ҳам хабардор қилган.

Ҳожиосманўғли барча клубларни ички текширувлар ўтказишга чақирган ва янги ҳакамлар ҳалоллик ва профессионаллик асосида тайёрланишини маълум қилган. У бу тозалаш ишларини турк футболи учун бурилиш нуқтаси деб атаган. ТФФнинг бу саъй-ҳаракатлари мухлислар ва клублар томонидан юқори баҳоланган бўлиб, федерация бу ишни шаффоф тарзда якунлашга ваъда бермоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сербиялик таниқли баскетбол ҳаками Урош Николич халқаро полиция операцияси давомида уюшган жиноятчилик гуруҳига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия FIFA UEFA ТФФ Иброҳим Ҳожиосманўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг