Туркия яна 3 давлат билан ҳарбий ҳужжат имзолади. Уруш яқинми?

Олам

−

image

Бугун, 21 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Туркия, Қатар, Индонезия ва Покистон ўртасида ҳарбий ишлаб чиқариш, таълим, тадқиқот ва ишланмалар соҳаларида ҳамкорлик қилишга қаратилган “Бадр” англашув меморандуми имзоланди.

Доҳада бўлиб ўтган имзолаш маросимида Туркия номидан мамлакат миллий мудофаа вазири Яшар Гулер иштирок этди. Меморандумни, шунингдек, Қатар Мудофаа ишлари бўйича давлат вазири шайх Сауд бин Абдураҳмон бин Ҳасан Ол Соний, Индонезия Мудофаа вазири Сжафри Сжамсуддин ва Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Осиф имзолади.

“Тўлин ой” маъносини англатувчи “Бадр” номини олган ушбу меморандум тўрт давлатнинг мудофаа саноатидаги мавжуд ҳамкорлигини янада кенг қамровли ва кўп томонлама тузилмага айлантиришга қаратилган.

Мудофаа саноати бошқармаси мувофиқлаштируви остида амалга ошириладиган бу жараёнда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик фақатгина ҳарбий платформалар ва ускуналарни етказиб бериш билан чекланиб қолмаслиги мақсад қилинган.

Шу нуқтаи назардан, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, таъминот занжирларини интеграциялаш, мудофаа технологиялари ва билимлар трансферини кенгайтириш режалаштирилган.

Меморандумда тўрт давлатнинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-техник тайёргарлик тадбирларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.

“Бадр” меморандумининг диққатга сазовор жиҳатларидан бири шундаки, унинг қамрови фақат мудофаа саноатидаги ҳамкорлик билан чекланган.

Ҳужжат мамлакатлар ўртасида қўшма ҳарбий ишлаб чиқариш ва технологияларни яратиш жараёнларини тартибга солади, бироқ томонлардан бирига ҳужум қилинган тақдирда, бошқа давлатларга ҳарбий аралашув мажбуриятини юкловчи жамоавий мудофаа бандини ўз ичига олмайди.

Маълумот учун, Доҳадаги ушбу келишув жорий йилнинг август ойида Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида тузилгани эълон қилинган Макка мудофаа пактидан кейин имзоланди. 16 та моддадан иборат келишувга кўра, томонлардан бирига ташқаридан қилинган қуролли ҳужум барча томонларга қилинган ҳужум деб ҳисобланади ва ҳужумга учраган мамлакатга, жумладан, ҳарбий имкониятлар орқали ҳам ёрдам кўрсатилади. Янги мамлакатлар келишувга фақат уч мамлакатнинг бир овоздан розилиги (якдил қарори) билангина қўшилишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг