Туркия ва Хитой коронавирусни 4 кунда даволайдиган дори топгани ростми?
Саломатлик
−
27 Март 2020
40894Ижтимоий тармоқларда Туркия ва Хитойда коронавирусни даволовчи дори ихтиро қилингани, ҳатто, Туркияда бу ҳолат катта байрамга айланиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уни ичган беморлар 4 кунда тузалиб кетаркан. Хўш, бу ростми? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков жавоб берди.
“Агар шундай имконият бўлганда, коронавирус инфекцияси дунёни таҳликага солмаган бўларди. Ҳозир шундай катта тезлик, интенсивлик билан бу касаллик тарқаляптики, инсоният унга қарши ҳеч қандай чора тополмаяпти. Агар 4 кунджа даволаб юборадиган дори топилганда эди, аллақачон бундан бохабар бўлардик ва дунё ҳамжамияти уни жон дили билан ишлатган бўларди”, дейди Отабеков.
Маълумот ўрнида, дунё миқёсида коронавирусни юқтириб олганлар 549 604 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 24 863 нафари вафот этди. 127 531 нафари соғайган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 83 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирусга чалинган бир бемор миокард инфарктидан вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor