Туркия ўрмонларини террорчилар ёқяптими? Эрдўған бир киши ушланганини эълон қилди

Олам

image

Туркияда даҳшатли ўрмон ёнғинлари авж олмоқда. Мамлакатнинг қатор вилоятларида ёнғин юз берган ҳудудлар ортиб бормоқда. Туркияда ёнғинлар авж олиши билан мамлакат Ички ишлар вазирлиги суриштирув бошлаган эди.

“Daily Sabah” нашрининг ёзишича, жамоатчилик орасида ёнғинни Курдистон ишчи партияси (PKK – Туркияда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган) томонидан уюштирилган деган фикрлар урчимоқда. Мамлакатда террорчи-ўт қўювчилар ўрмон ёнғинини уюштиргани акс этган видео эълон қилинди. Кадрлар патруль дронларида суратга олинган.

Ёнғинлар PKK билан боғлиқ экани айтиладиган ва Туркияда бир нечта йирик ёнғинлар билан танилган “Олов болалари ташаббуси” гуруҳи томонидан уюштирилгани айтилмоқда.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған кеча, 31 июлда ўрмонларга ўт қўйишга алоқадорликда гумонланган шахс қўлга олинганини маълум қилди.

“Мармарисдаги ёнғинни болалар бошлагани маълум. Бошқа ёнғинлар бўйича суриштирув давом этяпти. Миласда ёнғинларга алоқадор бир киши ушланди. Мен айтганимдек, террорчи ташкилотлар етакчилари ўтган йили ўрмонларга ўт қўйишга кўрсатма бергандан кейин ўрмон ёнғинлари майдони 2 марта ошди. Ҳозирги ёнғинлардан баъзилари ушбу буйруқларга кўра юз берганини истисно қилмаймиз. Бизнинг бурч – ўрмонларни ва ўпкаларимизни ёққанларни аниқлаш ва уларнинг юрагини суғуриб олиш”, деб айтган Эрдўған Мармарис шаҳридаги матбуот анжуманида.

“Олов болалари ташаббуси” гуруҳи ёнғинлар учун расман жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Бироқ PKK’нинг юқори мартабали аъзосимурат Карайилан ўз баёнотида ёнғинларни “мамнуният” билан тилга олган.

Кеча, 31 июль  ҳолатигакўра, Туркияда 98 та ёнғинларнинг 88 таси бартараф қилинган. Қолган 10 тасини ҳам ўчириши ишлари олиб борилаётганди.

Мутахассисларнинг фикрича, ўрмон ёнғинларининг асосий сабабларидан бири бу минтақадаги юқори ҳарорат ва кучли шамол бўлиб, бу ёнғин тарқалишига хизмат қилмоқда.

Туркия олов ичида

Жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Анталия бўлиб турибди. Тўрт кундан бери давом этаётган ёнғинлар оқибатида 6 киши ҳалок бўлган ва 180 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган. 

Қайд этиш керакки, кеча, 30 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳлари юборилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг