Туркия Украинага қўшин юборишга тайёр – “Bloomberg”

Олам

image

Туркия ўз қўшинларини Украинага юбориб, эришилган тинчлик келишувлари бажарилишини кафолатлашга тайёр. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Туркия НАТО таркибида АҚШдан кейин энг йирик қуролли кучларга эга бўлиб, унинг ёрдами, айниқса, совуқ уруш тугаганидан кейин армиялари сезиларли даражада қисқарган Европа мамлакатлари учун жуда фойдали бўлиши мумкин.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий ойда Анқарада бўлиб ўтган учрашувларда Туркия тинчликпарвар кучларини Украинага юбориш масаласини Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан муҳокама қилган. “Bloomberg” манбаларига кўра, Туркия бундай миссиянинг бир қисми бўлишга фақатгина барча маслаҳатлашувлар ва унинг шаклланишида тўлиқ иштирок этиш шарти билан рози бўлади.

Франция ва Буюк Британия ҳам уруш тўхтатилганидан сўнг Украинага хавфсизлик кафолатлари учун ўз қўшинларини юборишга тайёр эканини маълум қилган, бироқ бу ташаббус АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши шартлигини таъкидлаган. Швеция Ташқи ишлар вазири Мария Мальмер Стенергард ҳам шундай қадам ташлаш эҳтимолини инкор этмаган. Бироқ Европа давлатлари ҳатто бундай миссия учун бир неча ўн минглаб аскарларни тўплашга қийналаётгани қайд этилган. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинани Россиянинг провокациялари ва тажовузкор ҳаракатларидан ишончли ҳимоя қилиш учун 100 мингдан анча кўп ҳарбийлар талаб қилиниши мумкин.

Шундай шароитда қуруқликдаги қўшинлари сони қарийб 400 минг (яна шунча захирадаги ҳарбийлар) бўлган Туркиянинг иштироки муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бироқ ўтган ҳафтада Ар-Риёдда Россия ва АҚШ делегациялари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Лавров Россия уруш тугагач, НАТОга аъзо давлатларнинг ҳарбийларининг Украинага жойлаштирилишини қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблашини билдирган.

Шу ҳафтада Дональд Трамп Владимир Путин Европа тинчликпарвар кучларининг Украинага жойлаштирилишига қарши чиқмаслигини айтди. Бунга жавобан Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Лавровнинг позициясига қўшимча қиладиган ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади.

Москва Туркиянинг Украинага ҳарбийларни юбориш ҳақидаги таклифига ҳозирча расмий жавоб бермаган. “Bloomberg” манбасига кўра, бу масала Лавровнинг яқинда бўлиб ўтган ташрифи давомида муҳокама қилинган, бироқ Россия ҳукумати бу масалани ҳозирча устувор деб ҳисобламайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Вашингтон Киевга қўшимча хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмаслигини, бу масалани Европага топширишини айтган эди. Шунингдек, у Вашингтон Европа тинчликпарвар кучлари Украинага жойлаштирилиши масаласида Европани қўллаб-қувватлаши мумкинлигини маълум қилиб, урушни тўхтатишга муваффақ бўлишига ишонч билдирган. У Россия томонига тинчликка эришиш учун муросага бориш кераклигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг