Туркия туркман газини Каспий денгизи орқали олишга умид қиляпти – Эрдўған
Олам
−
13 Декабрь 2022
4982Туркия Туркманистон табиий газини Каспий денгизи орқали ўз ҳудудига етказиб беришга умид қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған 14 декабрь куни Озарбайжон Президенти иштирокида уч томонлама саммит бўлиб ўтадиган Туркманистонга учишидан олдин маълум қилди.
“Биз саммитда бу масалани муҳокама қиламиз. Туркман гази Каспий орқали мамлакатимизга етказилади деб умид қиламан”, дейди у журналистларга.
Эртага бўлиб ўтадиган учрашувда уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни, биринчи навбатда, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларида янада чуқурлаштириш бўйича қадамларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Натижада қатор шартномалар имзоланади.
“Ташқи ишлар вазирларимиз томонидан амалга оширилган ишлардан сўнг, биз, давлат раҳбарлари сифатида, янги форматда иш бошлаймиз. Саммитнинг асосий кун тартиби табиий газ, транспорт ва савдо соҳаларига оид масалалар бўлади. Бундан ташқари, алоқаларимиз асосини мустаҳкамлайдиган қатор шартномалар имзолашни режалаштирганмиз”, дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ҳам Ашхободга бориб, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди ва Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) бериш бўйича келишувга эришиб қайтди.
LiveБарчаси