Туркия Трампнинг сайловдаги ғалабасидан нима кутмоқда?
Олам
−
07 Ноябрь
4675АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонганидан сўнг, Туркия АҚШнинг Россияга қарши санкциялари туфайли республиканинг молиявий институтларига кўрсатаётган босимини келгуси даврда камайтиришини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Туркия Савдо вазири Ўмер Болат маълум қилди.
“Бизнинг компанияларимизга Россияга қарши санкциялар шароитида молиявий соҳада катта босим ўтказилмоқда. Хусусан, банкларимизга жуда катта босим бўлмоқда. Келгусида бунинг камайиши ёки умуман тўхтатилишини кутяпапмиз. Агар Украинада тинчлик ўрнатилса, бу соҳада, жумладан, Украинада ва Россияда пудрат хизматлари ва инвестициялар сезиларли ўсишига сабаб бўлади”, деди вазир.
Болат, шунингдек, республикачилар партияси Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритганини ва бу уларга Конгресс орқали молиявий ташаббусларни амалга ошириш имконини беришини таъкидлаган. Хусусан, у Туркия АҚШ билан савдо алоқаларини эҳтиёткор оптимизм билан баҳолаётганини билдирган. Шунингдек, Болат мамлакат мудофаа саноатидаги баъзи эҳтиёжлар, хусусан, эмбарго бекор қилиниши ва Туркияга нисбатан янада мувозанатли, адолатли ва тенг ҳуқуқли ёндашувни қўллаш орқали қондирилишини кутаётганини маълум қилган.
“Бундан ташқари, божхона тўловларининг, хусусан, пўлат ва тўқимачилик маҳсулотларимизга нисбатан пасайишини кутяпмиз”, деди вазир.
Маълумот учун, 2018 йилги президентлик даврида Дональд Трамп Туркия билан муносабатлардаги қатор сиёсий келишмовчиликлар фонида пўлат учун 50 фоизгача ва алюминийга 20 фоиз божхона тўловларини оширишни тасдиқлаган. Шунингдек, АҚШ Туркияга тўлов қилинган бўлсада, F-35 қирувчи самолётларини топширмаган ва Анқаранинг Россиядан С-400 зенит-ракета тизимини сотиб олиши билан боғлиқ муаммо сабаб уни ушбу лойиҳадан чиқариб ташлаган.
LiveБарчаси