Туркия Сурияга қўшин киритмоқда. Дамашқ Анқарага талаб қўйди

Олам

image

Туркия Суриянинг шимоли-ғарбий қисмига ўз қўшинларини жойлаштирмоқда. Шу тариқа Анқара Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Россия ва Эрон раҳбарлари билан “якуний” учрашувига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берган

Нашрнинг ёзишича, Туркия Россия ва Эроннинг қўллаб-қувватлаши билан Идлибнинг “назорат зонасида” Сурия диктатори Башар Асад қўшинларининг ҳужумини тўхтатишга тайёрлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, Анқара қочқинларнинг катта қисми Туркия чегарасидан ўтиб кетишидан қўрқмоқда.

Қайд этилишича, Башар Асаднинг кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўраётгани аломатлари йўқ. Бироқ, минтақадаги Сурия қўшинларининг, шунингдек Россия ҳарбий авиациясининг фаоллашуви сезилмоқда. Бундан ташқари, Туркия расмийлари 29 сентябрдаги музокаралар арафасида Москва зиддиятни кучайтириши мумкинлигини гумон қилмоқда. 

Энди эса Сурия ҳукумати Туркиядан ўз қўшинларини республиканинг шимолий провинциялари ҳудудидан зудлик билан олиб чиқишни талаб қилмоқда.

Сурия Ташқи ишлар вазири Файсал Миқдад сўнгги пайтларда Идлиб вилоятида кескинлик кучайганига изоҳ берди.

“Менимча, Туркия зудлик билан ўз қўшинларини олиб чиқиши керак. Халқаро ҳамжамият, Сурияга  мамлакат шимолини босқинчилардан озод қилишида ёрдам бериши керак”, дейди Миқдад.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен август ойида мамлакатда хавфсизлик ҳолати ёмонлашганини ва мамлакатнинг айрим ҳудудларида қуролли тўқнашувлари авж олганини қайд этди. Шунингдек, у Идлиб вилоятидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратиб, Араб Республикасининг бу ҳудудида бундай кучли тўқнашувлар 2020 йилнинг баҳоридан бери кузатилмаганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия

Баҳолаганлар

386

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг