Туркия Суриядаги курдларга қарши ҳарбий операция билан таҳдид қилди
Олам
−
08 Январь
3189Туркия Суриядаги курд кучлари президент Башар Асад ағдарилганидан сўнг ҳокимиятни “қонсиз” алмаштириш бўйича Анқара шартларини қабул қилмаса, уларга қарши ҳарбий операция бошлаш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан СNN нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Халқ мудофаа бўлинмалари” курд кучлари Анқара талабларига рози бўлмаса, мумкин бўлган ҳаракатларга изоҳ бериб, керак бўлган ишни қиламиз”, деди у.
Бу аниқ нимани англатиши мумкинлиги ҳақидаги аниқ саволга Фидан: “ҳарбий операция”, деб жавоб берди.
Асад қулаганидан бери Анқара ушбу кучларни тарқатиб юборишни, унинг суриялик бўлмаган чет эллик жангчиларини Сурияни тарк этишини ёки ўз ватанига қайтарилишини, етакчилари эса ўзларини топширишини талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ироқ Курд минтақавий бошқаруви (КРАИ) Бош вазири Масрур Барзонийни қабул қилганди. Эрдўған ва Барзоний аввалига яккама-якка учрашув ўтказган, сўнгра кенгайтирилган делегациялар форматида музокаралар бўлиб ўтган. Президент Эрдўған Суриядаги воқеаларни ҳисобга олиб, Туркиянинг Ироқ барқарорлиги ва хавфсизлигини сақлашга катта аҳамият беришини ва Суриядаги воқеалар минтақада янги беқарорликка олиб келмаслигини таъминлашга ҳаракат қилишини айтган. Туркия давлати раҳбарининг сўзларига кўра, янги Сурияда террорчи ташкилотлар ва уларга алоқадор унсурларга жой йўқ.