Туркия Россиядан жавоб кутяпти – Чавушўғли

Олам

image

Анқара Украина портларидан ғаллани экспорт қилиш бўйича Россия, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида учрашув ўтказиш таклифига Москвадан жавоб кутмоқда. Бу ҳақда кеча, 11 июнь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли Чехия ТИВ раҳбари Ян Липавский билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Биз Анқарада [Россия Ташқи ишлар вазири] Сергей Лавров билан музокаралар ўтказдик, унда [Россия ва Украина ўртасидаги] музокараларни қайта бошлаш ва ғалла етказиб беришдаги чекловларни бекор қилиш масалаларини муҳокама қилдик. БМТ томонидан таклиф қилинган [Украина портларидан дон экспорт қилиш] режаси энг тўғри, деб ҳисоблаймиз ва томонлар буни муҳокама қилишлари керак. Биз Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида ушбу масала бўйича йиғилиш ўтказишга тайёрлигимизни билдирдик, бу БМТ таклифи. Бизнинг позициямиз аниқ билдирилди, энди биз Россиядан ҳам учрашув, ҳам бошқа тафсилотлар бўйича жавоб кутмоқдамиз”, дейди у.

Чавушўғлининг сўзларига кўра, Туркия келгусида ҳам бу мавзуларга эътибор беришда давом этади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 8 июнь куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мевлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини, Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги украин портлари орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йил февраль ойида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни “блеф” деб атади.

Шунингдек, жорий йилнинг 2 июнь куни Россия, Туркия, Украина ва БМТ Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлакнинг ишлашини таъминлайдиган йўл харитаси – Истанбул режасини тайёрлади.

Истанбулдаги мувофиқлаштириш марказининг ишга туширилиши Украина портларидан жаҳон бозорларига 20 миллион тонна донни экспорт қилиш имконини бериши айтилган.

Яқин кунларда Истанбулда барча манфаатдор томонларнинг “Йўл харитаси” тафсилотларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиши кутилмоқда. Тўрт томонлама форматда йўналиш, суғурта, кема хавфсизлиги, портни миналардан тозалаш, шунингдек, Қўмондонлик маркази таркиби каби масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

338

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг