Туркия парламенти Швециянинг НАТОга киришини яна пайсалга соляпти
Олам
−
30 Октябрь 2023
4247Туркия парламенти ҳозирча Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни муҳокама қилиш ва овоз беришнинг аниқ жадвалини ишлаб чиқмаган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги протоколни баҳолашда иштирок этувчи қонун чиқарувчи органдаги манбага таяниб, маълум қилди.
“Президент томонидан имзоланган баённома тегишли комиссияларга кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Ҳужжат келиб тушди, бизда мавжуд. Лекин ҳозирча у кўриб чиқилишини кутмоқда. Муҳокама ва овоз бериш учун Бош Ассамблея [парламент]га қачон бориши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай дастур ёки сана йўқ”, дейди агентлик суҳбатдоши.
Унинг аниқлик киритишича, баённома баҳолаш ва тасдиқлаш учун икки комиссия – миллий мудофаа ва халқаро ишлар бўйича комиссияга тақдим этилган. Асосий иш билан халқаро ишлар комиссияси шуғулланади. Парламент кун тартибида яқин вақт ичида бюджетни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни имзолади ва 23 октябрь куни парламентга тақдим этди. Туркия ҳукумати Швеция аризасини октябрь ойида парламентнинг кузги сессияси бошланиши билан кўриб чиқиш имкониятини аввалроқ эълон қилган эди.
Протокол ҳозирча альянснинг 31 давлати томонидан ратификация қилинган, фақат Туркия ва Венгрия уни тасдиқламаган. НАТО, Туркия ва Швеция ўртасида июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан ушбу ҳужжатни Анқара томонидан муддатидан олдин ратификация қилиш тўғрисида келишувга эришилган эди, бироқ Туркия томони аризани маъқуллаш учун бир қатор шартларни, жумладан, терроризмга қарши курашиш ва Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамда визавий интеграцияни жадаллаштириш бўйича ҳамкорликни илгари сурди.
LiveБарчаси