Туркия мухолифати муддатидан олдин сайлов учун имзо тўплашни бошлади
Олам
−
30 Март
3134Туркия мухолифати республикада муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилишини қўллаб-қувватловчи имзо тўплаш кампаниясини бошлади. Кампания бошланиши ҳақида кеча, 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган митингда Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) раҳбари Ўзғур Ўзел эълон қилди.
“Биз [президентликка] номзодимиз, ҳоким Экремнинг озод этилиши ва сайловлар ўтказилишини талаб қилиб, имзо тўплаш кампаниясини бошлаяпмиз”, деди сиёсатчи.
Кампания ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли туғилган Қора денгиз бўйидаги Трабзон вилоятининг Акcаабат туманида бошланди.
Туркияда президентлик сайловлари 2028-йилга белгиланган, бироқ мухолифат муддатидан олдин сайловлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда. 23 март куни ЖХП президентликка номзодни аниқлаш учун праймериз ўтказди. Мухолифат партияси етакчиси Имомўғли номзодини 14,8 миллиондан ортиқ киши қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берди.
Имомўғлу 19 март куни коррупция ва террорчиларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган ва суд қарори билан 23 март куни ҳибсга олинган.
Ўтган ҳафта Туркияда норозилик намойишлари тўлқини бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишлар давомида камида 1800 киши қўлга олинган ва шулардан 260 нафари ҳибсда. Энг йирик намойишлар Истанбул, Анқара ва Измирда уюштирилди.
LiveБарчаси
Японияда вертолёт денгизга қулаб тушди.
07 Апрель