Туркия мамлакатда маймунчечак аниқланганини рад этди
Саломатлик
−
15 Сентябрь
2119Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Истанбул бошқармаси жорий йилнинг 11 сентябрь куни Бейўғлу туманида чет эл фуқаросида маймунчечак вируси қайд этилгани борасида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. Бу ҳақда бошқарманинг Х саҳифасида ёзиб қолдирилган.
“Ушбу шахс соғлиқни сақлаш протоколларига мувофиқ зарурий текширувлар ва тиббий кўриклар ўтказиш учун шифохонага ётқизилди. Ўтказилган зарур текширув ва таҳлиллар натижасида унда маймунчечак касаллиги йўқлиги аниқланди”, дейилган бошқарма баёнотида.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий манбалардан олинган хабарларга ишонмасликни сўраган. Баёнотда аҳоли ўртасида юқумли касалликларга қарши кураш борасида мамлакат зарур ресурсларга эга экани билдирилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг август ойида Швеция ҳукумати мамлакатда маймунчечак касаллиги (М-pох) қайд этилганини маълум қилганди. 2023 йил охирида янги эпидемия бошланганидан бери бу вирус Африкадан ташқарида биринчи марта айнан ушбу мамлакатда аниқланган. Расмийларнинг тушунтиришича, бемор касалликни Африкага сафари пайтида юқтирган. Шунингдек, Покистонда ҳам ушбу вирус билан касалланганлар аниқланди. ЖССТ эса маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шу пайтгача қатор давлатларда, жумладан Филиппин, Тайландда ҳам ушбу касаллик қайд этилган. Эпидемиолог, Россия таълим академияси президенти ўринбосари Геннадий Онишенкога кўра, маймунчечак вируси касалланишлар сони ортиб бориши туфайли мутацияга учраши мумкин.
Маймунчечак кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, иситма, интоксикация, шишган лимфа тугунлари ва ярага айланиб кетадиган тошма аломатлари билан маълум. Вирус кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан, шунингдек, одамдан-одамга ҳам юқиши мумкин. Енгил ҳолатларда касаллик 2-3 ҳафта ичида ўз-ўзидан ўтиб кетади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиология қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўзбекистонда маймунчечак вирусига қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида маълумот берганди.