Туркия коронавирусни даволаш бўйича янги тизимга ўтяпти, мактаблар очилиши айтилди

Олам

image

Туркияда коронавирусга чалиниш ҳолати охирги бир ярим ой ичида биринчи марта рекорд даражага чиқди. Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда 1 303 кишида коронавирус аниқланди. 23 киши вафот этди. Бугунгача коронавирус аниқланганлар 253 108 нафарга етди. Умумий ўлим сони эса 6 039 тани ташкил этмоқда. Сўнгги суткада 1002 бемор соғайган ва жами тузалганлар 233 915 нафарга етган. 

Маълумки, Туркия дунё бўйича карантиндан биринчи бўлиб чиққан мамлакат бўлди. Сўнгги вақтларда Туркияда яна карантин чораларининг қайтарилиши дунё мамлакатлари орасида кулгига сабаб бўлмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжа бунга нисбатан шундай дейди: 

“Туркиянинг ушбу касаллик билан курашига муваффақиятсизлик тамғасини ёпиштирмоқчи бўлганлар ё пандемиянинг қандай жиддий келганини билмайди, ё билса ҳам сиёсат сабаб буни унутиш йўлини танлайди”. 

Унинг қайд этишича, Туркияда беморларни дори-дармон билан таъминлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча, айни вақтда 4 та компания антивирус дорилар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. 

Шунингдек, вазир Туркия соғлиқни сақлаш тизимида қўлланилиши кутилаётган янги тизим ҳақида хабар берди. Унинг қайд этишича, энди шифокорлар телетиббиёт дастури орқали беморлари билан онлайн-мулоқотда бўладилар ва уларнинг ҳолатини назорат қилиб борадилар. 

Вазирга кўра, айни вақтда мамлакат шифохоналарида ташкил этилган койка ўринларининг 51,3 фоизи, оғир беморлар учун тайёрланган койкаларнинг 64,8 фоизи, сунъий ҳаво мосламалари билан жиҳозланган ўринларнинг 31,7 фоизи тўлган. 

“Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг кўпайиши ҳамма тарафдан ўзимизга боғлиқ. Маска, ижтимоий масофа ва озодаликка қатъий амал қилинг”, дейди Кўжа. 

Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг 21 августидан мактаблар очилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Коронавирус

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг